Бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси
Муборак Рамазон ойида барчамиз Яратгандан дунёни забт этган тождорвирус балосини тезроқ даф қилишни, халқларга омонлик, диёрларга тинчлик, кўнгилларга хотиржамлик бағишлашни сўраб, дуолар қиляпмиз.
Акс-садо
Муборак Рамазон ойида барчамиз Яратгандан дунёни забт этган тождорвирус балосини тезроқ даф қилишни, халқларга омонлик, диёрларга тинчлик, кўнгилларга хотиржамлик бағишлашни сўраб, дуолар қиляпмиз.
Рамазон ҳайити муносабати билан халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида давлатимиз раҳбари куни кеча “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.
Оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий аҳамиятга эга бўлиб, мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига хизмат қилади.
Ахир, адашганлар ҳам хамюртларимиз. Улар ҳам шу мамлакат фуқаролари. Албатта, ҳар қандай фармон ижроси билан халқ ишончини қозонади ва жамиятда қонунларга ҳурматни кучайтиради. Шу боис, масъул вазирлик ва мутасадди идоралар афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча ишларни бошлаб юборди. Бу адашган ҳамюртларимиз ва уларнинг оила аъзолари учун ҳақиқий Рамазон туҳфаси бўлди.
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ҳам озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 83 маҳкума аёл Президент фармони билан афв этилган эди.
Мазкур фармонларнинг қабул қилиниши Асосий қонунимиз муқаддимасида қайд этилганидек, Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигининг ҳаётий ижроси бўлиб, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин исботидир.
Феруза МУҲИТДИНОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори.