Бўш иш ўринлари ярмаркаси
Наманган туманида ўтказилган навбатдаги меҳнат ярмаркасида 80 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса 455 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Наманган туманида ўтказилган навбатдаги меҳнат ярмаркасида 80 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса 455 бўш иш ўрни билан иштирок этди.Туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилигига оид бериладиган имтиёз ва кафолатлар, битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш каби масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.
– Ярмаркада иш берувчилар томонидан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда режалаштирилаётган янги лойиҳалар ва яратилиши кўзда тутилаётган иш ўринлари ҳақида кўргазмали воситалар орқали батафсил маълумот берилди, – дейди туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Дилшод Мирзаев. – 115 нафар фуқаро ўз мутахассислиги, қизиқиш ва қобилиятига кўра танлаган корхона ва ташкилотларга доимий ишлаш учун йўлланма олди. Уларнинг 45 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Жорий йилда мутахассислик дипломини оладиган 129 битирувчи билан таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилди.
– Ўтган йили Наманган тиббиёт коллежини битирган эдим, – дейди Меҳрибон Раҳимжонова. – Ярмаркада туман тиббиёт бирлашмасида ишлаш учун йўлланма олдим. Коллежда олган билимларимни амалиётда қўллаб, аҳоли саломатлиги йўлидаги эзгу ишларга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.