Азиз ва муқаддассан, юртим байроғи
Андижонда “Миллат байроғи – мустақиллик тимсоли” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, спортчилар ва ёшлар қатнашди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов ва бошқа мутасаддилар давлатимиз байроғи ва унинг аҳамияти хусусида сўз юритди.
– Мусаффо осмонимиз узра ҳилпираб турган азиз байроғимиз ҳар бир юртдошимиз учун қадрлидир, – деди вилоят ҳокими ўринбосари К.Комилов. – Айниқса, байроғимиз халқаро анжуманларда, спорт мусобақаларида бўй кўрсатса, қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.
Шунингдек, тадбирда давлатимиз байроғи юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг азму шижоатини, ғурурини, юртга бўлган муҳаббат ва садоқатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Қўлларида юрт байроғини кўтарган тадбир иштирокчилари Андижон шаҳрининг Алишер Навоий шоҳкўчаси бўйлаб юриб ўтди. Байроқлар ўрнатилган автомобиллар колоннаси эса шаҳар кўчалари бўйлаб айланди.
Давлат байроғи қабул қилинган санага бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги барча туман, шаҳарларда, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, спортчилар иштирокида Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан “Азиз ва муқаддассан, юртим байроғи!” шиори остида ташкил этилган тадбир ҳам Ватанимиз мадҳияси садолари билан бошланди.
Тадбирда давлатимиз байроғи мадҳ этилди. Миллий байроғимиз Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун азиз ва муқаддас эканлиги таъкидланди.
– Халқаро турнирларда ғолиб бўлганлигим шарафига Ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганида, беихтиёр кўзимга ёш келади, – дейди икки кара паралимпиада чемпиони Бобуржон Омонов. – Бутун вужудимни титратадиган, жунбишга келтирадиган ушбу ҳолатни сўз билан таърифлай олмайман. Бу менимча юртимизга, унинг рамзларига бўлган ҳурмат, эҳтиром, туйғулари бўлса керак. Ўзбекистондай гўзал ва обод юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахр-ифтихор туяман.
[gallery-20430]
Тадбирнинг тантанали қисми тугагач, давлатимиз байроғи ўрнатилган автомобиллар колоннаси туман марказининг асосий кўчалари бўйлаб айланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари