Аждодларимиз хотирасига ҳурмат ўзликни англаш ва маънавий тарбияда муҳим омил бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши тадбирларида иштирок этиш учун 3 май куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Эзгу қадриятларимизга мувофиқ, аввало, Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. Буюк ҳадисшунос бобомиз мақбарасида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Маълумки, ушбу қутлуғ қадамжо давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан маънавий меросига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Бу йил Рамазон ҳайити арафасида мажмуа яна зиёратчилар учун эшикларини очиб, 60 мингдан ортиқ юртдошимиз ва хорижлик меҳмонлар ҳайит намозини ушбу қутлуғ қадамжода ўқидилар.
Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.
Маълумотларга кўра, қутлуғ қадамжо очилганидан сўнг бир ой ичида буюк муҳаддис бобомиз мақбарасини 1 миллиондан ортиқ юртдошимиз ва хорижий фуқаро зиёрат қилди.
Президентимиз мажмуага ташриф буюрувчиларга янада қулай шароитлар яратиш, ибодатларини адо этишлари, буюк муҳаддис бобомиз мероси билан яқиндан танишишлари учун барча имкониятларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, мажмуага автотранспортда келувчилар учун тўхташ жойларини кенгайтириш, зиёратчилар сайр қиладиган ҳудудларни янада обод қилиш, уларнинг дам олиши учун табиий ва қулай муҳит яратиш, бу борадаги ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, ҳар олти ойда мажмуада зиёратчилар учун яратилган шароитларни ўрганиб, қўшимча чораларни белгилаб бориш муҳимлиги таъкидланди. Бутун юртимиздан имом-хатибларни мажмуага таклиф қилиб, малакасини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари зиёрат маданиятини юксалтириш, муқаддас қадамжолар ва мозорларни обод сақлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, бундай масканларда келиб-кетувчилар учун муносиб шароит яратиш муҳим эканини, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтириш ёш авлоднинг ўзлигини англаши ва маънавий тарбиясида муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 4 май куни Самарқандда Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши очилиш маросимида нутқ сўзлайди.
Йиғилишнинг бош мавзуси – “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш”. Форум глобал ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформа бўлади.
Иштирокчилар асосий эътиборини “яшил” трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги ва бошқа масалаларга қаратадилар.
Саммитда банк билан ҳамкор мамлакатлар делегациялари, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа институтлар раҳбарлари ва ходимлари ҳамда хорижий ҳукуматларнинг 2 минг нафарга яқин вакиллари, етакчи компаниялар ва банклар, трансмиллий корпорациялар топ-менежерлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этади.
Ўзбекистон 1995 йилдан буён Осиё тараққиёт банкининг аъзоси бўлиб, унинг энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади: лойиҳалар портфелининг умумий ҳажми қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз банкнинг йиллик йиғилишига иккинчи бор мезбонлик қилмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари.