Azernews: “Янги Ўзбекистон” туркий дунёда етакчи куч сифатида намоён бўлмоқда
Озарбайжоннинг “Azernews” нашри Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришдаги ўрнига эътибор қаратди. Талқинга кўра, “Янги Ўзбекистон” нафақат ички тараққиётни жадаллаштирмоқда, балки туркий дунёнинг келгуси ривожига таъсир кўрсатувчи муҳим куч сифатида ҳам шаклланмоқда.
Мақолада 2017-2025 йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулоти йилига ўртача 6 фоиздан зиёд ўсгани, жорий йил биринчи ярмида эса иқтисодий ўсиш 8,5 фоизни ташкил этгани таъкидланади. Натижалар таркибий ислоҳот, хусусийлаштириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жараёни билан боғланади.
Нашр Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги фаоллигини ҳам алоҳида қайд этган. Мамлакатнинг 2022-2023 йиллари Туркий давлатлар ташкилотига раислиги даврида Самарқанд саммити ўтказилгани, “Туркий дунё нигоҳи-2040” ҳужжати қабул қилингани ва ҳамкорликнинг янги механизмлари йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим натижалар сифатида келтирилади.
“Azernews” Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, қарийб 40 миллионлик аҳолиси ва ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятини Туркия билан Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи, Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим омиллар сифатида баҳолайди. Шу билан бирга Тошкент миллий манфаатга асосланган мустақил ва прагматик ташқи сиёсат юритаётганига урғу беради.
Муаллиф хулосаси шундан иборатки, “Янги Ўзбекистон”нинг тараққиёт йўли мамлакат фаровонлигини ошириш баробарида туркий давлатлар интеграцияси, умумий ривожланиши ва халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА