Қайта суғурта – мижозларга қулайлик
Миллий матбуот марказида “Ўзагросуғурта” давлат акциядорлик суғурта компаниясида қайта суғурталаш сиёсати ва унинг компания молиявий барқарорлигига таъсирига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзагросуғурта” давлат акциядорлик суғурта компаниясида қайта суғурталаш сиёсати ва унинг компания молиявий барқарорлигига таъсирига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.“Ўзагросуғурта” компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Ихтиёр Нурмуҳамедов ва бошқалар мамлакатимизда суғурта соҳасини такомиллаштиришга йўналтирилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 21 майда қабул қилинган “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзагросуғурта” компанияси мамлакатимиздаги етакчи суғурта компанияларидан бири бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга суғуртанинг бир неча тоифаси бўйича юздан ортиқ суғурта хизмати кўрсатиб келмоқда.Корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли мулкини, транспорт воситаларини суғурталаш, ихтиёрий-тиббий суғурталаш, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш шулар жумласидандир.
Аҳолига кўрсатилаётган суғурта хизматлари, жумладан, қайта суғурталаш тобора оммалашмоқда. Қайта суғурталаш қалтисликни қабул қилиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тизими бўлиб, суғурта операциялари молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган хавфнинг бир қисмини ўзаро келишилган ҳолда бошқа суғурталовчига бериш тушунилади.
– Қайта суғурталаш шартномалари бир томондан суғурта компаниялари ўртасида ўзаро тузилиши ёки қайта суғурта брокерлари хизматидан фойдаланилган ҳолда тузилиши мумкин, – дейди компания ахборот хизмати ходими Дилобар Муҳаммаджонова. – Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, қайта суғурта қилишда суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш учун асосий суғурта шартномаси бўйича суғурталанувчи олдида ушбу шартнома бўйича суғурта компанияси жавобгар бўлиб қолаверади. 2013-2015 йилларда компаниямиз 26 суғурта компанияси, тўртта суғурта брокерлари ва хорижий қайта суғурта брокерлари билан хамкорлик шартномаларини тузди. 2014 йилда бошқа суғурта компанияларидан мингдан зиёд ва жорий йилнинг ўтган даврида беш юз элликдан ортиқ йирик қалтисликлар бўйича суғурта мажбуриятлари олинди. Компания 2014 йилда 10 миллиард сўмдан зиёд суғурта товонлари тўлаб берган бўлса, унинг 10 фоизи қайта суғурта тўловларига тўғри келди.
«Ўзагросуғурта» суғурта компаниясида ихтисослашган департамент ташкил этилган бўлиб, улар «Кирувчи» қайта суғурта йўналиши бўйича фаолият юритмоқда. Бунда суғурта бозоридаги компаниялар таклиф этган қалтисликларни тўғри баҳолаган ҳолда йирик қалтисликларни қайта суғуртага қабул қилиш, хавфлилик даражаси юқори бўлган қалтисликларни ички суғурта бозорида жойлаштириб бориш доимий эътиборда. Улар хорижий мамлакатларнинг тажрибасини кузатиб, ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида чет эл суғурта ва қайта суғурта компаниялари томонидан ташкил этиладиган семинар ва ўқув тренингларда мунтазам иштирок этишмоқда.