Аёлларни қўллаб-қувватловчи маскан
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида “Оила ва хотин-қизлар маскани” ўз фаолиятини бошлади.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган масканда психолог ва юрист, тиббиёт, оила қуриш арафасида турган ёшларни турмушга тайёрлаш хоналари ва фитнес клуб мавжуд бўлиб, бу ерда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга психологик, юридик маслаҳат берилади, уларнинг саломатликлари назоратга олинади.


Маскан очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда иштирокчилар томонидан миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз тарғиботида хотин-қизларнинг алоҳида ўрни ҳақида таъкидланди. Шунингдек, миллий таом сумалак тайёрланиб, лапарлар куйланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири