Аёллар тадбиркорлиги бўйича янги лойиҳа
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида «Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини халқаро глобал индекс талаблари асосида юритиш тизимини яратиш» мавзусида илмий-амалий лойиҳа амалга оширилди.
Таъкидланганидек, ривожланган давлатларда аёллар тадбиркорлиги муҳитини аниқловчи бир қатор халқаро стандартлар мавжуд бўлиб, унинг ривожланиш даражаси “Аёллар тадбиркорлиги глобал индекси” деб номланадиган давлатлар рейтингини белгилаб берувчи халқаро ҳужжат билан аниқланади.
“Аёллар тадбиркорлиги глобал индекси” бутун дунёда аёллар тадбиркорлиги ривожи истиқболларини ўлчаб беради. Аёллар тадбиркорлиги ривожини 3 та асосий омил: тадбиркорлик муҳити, тадбиркорлик экотизими ва аёлларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истаклари белгилаб беради. Ушбу ҳужжатни тайёрлашда бир қатор омиллар ҳисобга олинади. Аёлларнинг бизнес соҳасида яратилган таълим тизими ва ресурсларидан, давлат органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматлар инфратизимидан фойдаланиш имкониятлари, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича статистик маълумотларни йиғиш ва тақдим этиш масалалари каби омиллар шулар жумласидандир.
Тадбиркорликни, хусусан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бевосита шу соҳадаги қонунчилик асосларини ҳам такомиллаштириб боришни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан, тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай бизнес муҳити яратиш борасида амалга оширилган ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистоннинг “Аёллар тадбиркорлиги глобал индекси”га аъзо давлатлар қаторига кириши мамлакатимизда аёллар тадбиркорлиги ривожи ва истиқболларини дунёнинг ривожланган мамлакатлари стандартларида ўлчаш имкониятини беради.
Лойиҳа доирасида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги тўғрисидаги статистик маълумотларни йиғиш ва тақдим этиш тизимидаги муаммолар, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик, аёллар тадбиркорлиги учун бизнес муҳити таҳлил қилинди.
Ўзбекистоннинг ушбу глобал рейтингда қатнашиши аёллар тадбиркорлиги ҳолатининг ривожланган мамлакатлар орасида солиштирув таҳлилини амалга ошириш, глобал рейтинг индикаторлари орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш, аёллар тадбиркорлиги муҳитини янада такомиллаштириш, шунингдек, халқаро ҳамжамиият томонидан мамлакатимизга нисбатан ижобий ёндашув янада юксалишига хизмат қилади.