Аёллар футболида “қўш ҳокимлик”
Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар чемпионати олий лигасида навбатдаги 7-тур ўйинларидан кейин ҳам турнир жадвалидаги “қўш ҳокимлик” сақланиб қолди.
Карвонбошилардан бири – Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” жамоаси Наманган шаҳрида “Навбаҳор-W” хотин-қизлари меҳмони бўлди.
Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа аъзолари рақибалари дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлсада, ҳисобни очиш ҳеч бир жамоага насиб этмади. Шу тариқа жамоалар 0:0 ҳисобида танаффусга чиқди.

Мураббийларидан керакли кўрсатмаларни олган “Сўғдиёна-W” клуби қизлари иккинчи бўлимни кутилганидек кескин ҳужумлар билан бошлади. Ушбу бўлимнинг 1- (ўйиннинг 46-) дақиқасидаёқ жиззахлик қизлар ўз устунликларини намоён этди – 0:1. Гол муаллифи “Сўғдиёна-W” клуби ҳамда Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ҳужумчиси Диёра Ҳабибуллаева бўлди. Наманганлик рақибалари дарвозасига иккинчи голни эса ўйиннинг 78-дақиқасида “Сўғдиёна-W”нинг яна бир иқтидорли футболчиси Дилдора Эргашева киритди – 0:2.
Учрашувнинг 87-дақиқасида чемпионат тўп урари жиззахлик Диёра Ҳабибуллаева наманганликлар дарвозасига 3-, чемпионатдаги 16-голини киритиб, ушбу ўйинда “дубль” қайд этишга муяссар бўлди. “Навбаҳор-W” (Наманган) – “Сўғдиёна-W” якуний ҳисоб – 0:3.

Чемпионат карвонбошиларидан яна бири Қаршининг “Севинч-W” жамоаси Бекободда “Металлург-W”га қарши майдонга чиқиб, майдон эгаларига ҳеч қандай имконият қолдирмай йирик ҳисобда мағлуб этди. “Металлург-W” – “Севинч-W” – 1:7.
7-турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Қизилқум-W” (Навоий) – “Нефтчи-W” (Фарғона) – 1:0, “Бунёдкор-W” (Тошкент) – “Локомотив-W” (Тошкент) – 7:0.
Ушбу турдаги Тошкентнинг “Пахтакор-W” ва Олмалиқнинг АГМК-W жамоалари ўртасидаги учрашув жорий йилнинг 8 июнида бўлиб ўтади. Ўтказилган 7 учрашувдан сўнг 19 тадан очко жамғарган Қашқадарёнинг “Севинч-W” ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” хотин-қизлар клублари турнир жадвалида қўшалоқ карвонбошилик қилмоқда. Улардан 1 очко кам (18 очко) жамғарган Тошкентнинг “Бунёдкор-W” жамоаси қизлари учинчи поғонада бормоқда.

Футболи мутахассислари, мамлакат чемпионлиги айнан шу учалла жамоа ўртасида ҳал бўлишини, агар Олмалиқнинг АГМК жамоаси ўйинини кучайтирса, бу учлик сафига қўшилиши мумкин, деган фикрни айтмоқда. Лекин доно халқимиз айтганидек, жўжани кузда санайдилар. Чемпионатда эндигина 7 тур ортда қолди, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ, чемпионат бу йил кимга насиб этишини эса вақт кўрсатади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА