Аёллар футболи. Ҳозирча йирик натижалар...
Аёллар футболи бўйича Ўзбекистон кубоги ўйинлари старт олди. Мусобақанинг 1/8 финалида Олий лиганинг тўққизта, 1-лиганинг эса бешта жамоаси иштирок этди. Амалдаги чемпион «Бунёдкор» чорак финалдан баҳсларга қўшилади.
Нимчорак финалда Биринчи лиганинг, «Динамо»ни инобатга олмаганда, барча вакиллари юқори лига жамоаларига йирик ҳисобларда имкониятларни бой беришди. Айтайлик, «Андижон» Олий лиганинг ўртамиёна «Пахтакор» жамоаси қаршилигига дош бера олмади. Сабаби, андижонлик қизларнинг барчаси ёш, 14-15-16 яшарни ташкил этади. Лекин қизлар ўз тенгдошлари бўлмиш U-16 Биринчилигида рақибларига қарши ҳали очко йўқотганича йўқ, ўз гуруҳида етакчилик қиляпти. Хўжаобод тумани марказидаги БЎСМда уч-тўрт йилдан бери футбол билан шуғулланаётган қизларнинг вақт ўтгани сари тажрибалари ортиб бораётгани ҳақиқат. Йигирмадан ортиқ спорт турлари бўйича фаолият юритаётган, бир неча спорт турлари бўйича ҳатто Осиё ва Жаҳон чемпионларини етиштирган мазкур спорт мактабида футболга эътибор катта . Сабаби, БЎСМ директори Шавкат Муҳитдинов асли футболчи, футзал бўйича икки-уч маротаба Осиё чемпионати совриндори бўлган. Унинг нияти футболда ҳам тузукроқ натижа кўрсатиш. Шу мақсадда «Андижон» клуби билан ўзаро келишган ҳолда 16 ёшлилар ҳамда Биринчи лига мусобақаларида ўз шогирдлари билан қатнашишни, бир-икки йил тажриба орттириб, кейин совринлар учун курашишни ният қилган. Бунинг учун клуб томонидан ҳам зарур шароитлар яратилиб берилмоқда. Ҳозирча эса гарчи «Пахтакор»дан тўққизта жавобсиз гол «еган» бўлсада келажак учун интилишда давом этяпти. Тўғри, Андижон вилоятида аёллар футболи энди ривож топаётгани йўқ. Нафақат Ўзбекистонда, балки ундан ташқарида ҳам маълум ва машҳур бўлган «Андижанка» жамоасини илмаган, ҳеч бўлмаса эшитмаган мухлис бўлмаса керак. Собиқ Иттифоқ даврида «Андижанка» ўша Иттифоқнинг аёллар чим хоккейи ватани ҳисобланган, ў-ҳў, бу жамоа эришган натижалар, одамни эсанкиратади. Жаҳон ва Европа чемпионатларидаги совринлар дейсизми, Олимпиададаги оламшумул муваффақиятларни айтасизми. Вақт ўтиб айнан шу чим хоккейчилар футболга иҳтисослашди ва энди унинг муваффақиятлари ички мусобақаларда давом этди. 90 йилларнинг иккинчи ярмидан то 2010 йилларнинг иккинчи ярмигача «Андижанка» Ўзбекистон чемпионати ва кубогида совринларсиз қолмаган. Жамоанинг таниқли устози Мирон Ким вафот этдию жамоадан омад ҳам кетди. Ўтган йилги мавсумни аранг якунлаб олган жамоа ҳатто Олий лигани ҳам тарк этди. Хабарингиз бор, «Андижон» клубига янги ҳомийлар келишди, шароитларни яхшилашди. Жумладан, «Андижон» аёллар жамоасига ҳам ғамхўрлик кўрсата бошлашди. Жамоанинг аввалги таркибидан деярли ҳеч ким қолмади, сабаби жамоа Хўжаободдаги БЎСМ қошида, ёш қизлардан бошқатдан тузилди. Бу ёғи энди сизга маълум.
Йирик ҳисобдаги мағлубиятлар Биринчи лиганинг, шунингдек, «Нефтчи», «Сурхон» ва «Тўмарис» жамоалари билан ҳам юз берган. «Динамо» эса Олий лиганинг «Навбаҳор» жамоасига қарши жиддий курашди, лекин барибир тажриба устун келиб, наманганликлар зафар қучишди. Ишончимиз комилки, шу жамоалар шу таркиби билан ишлашни давом эттиришса, бош клуб мутасаддилари асосий жамоа қаторида мазкур жамоага инъом этаётган эътиборларини сусайтиришмаса яқин икки-уч йилда аёллар футболи бўйича Олий ва Биринчи лигаларда чинакам рақобатбардош жамоалар сони кўпайишига шубҳа қолмайди...
Аёллар футболи. Ўзбекистон Кубоги.
1/8 финал.
ҚИЗИЛҚУМ-W – СEВИНЧ – 2:8 (0:5)
Навоий. «Ёшлик» стадиони. 27 томошабин.
Голлар: Альбина Бобоқулова (72, 87) – Лайло Тиловова (4), Гулзода Амирова (18, 42), Лайло Шодиева (21, 45, 62), Малика Бурхонова (22), Севара Рўзиева (50)
АНДИЖОН-W – ПАХТАКОР-W – 0:9 (0:4)
Хўжаобод. «Пахтакор» стадиони. 95 томошабин.
Голлар: Умида Хотамова (3), Мадина Воҳидова (9, 68, 74), Гулжамол Норматова (23), Зуҳра Бахриддинова (30), Зумрад Назарова (57), Динара Тагирова (62), Дурдона Бахтиёрова (63)
СУРХОН-W – АГМК-W – 0:13 (0:7)
Термиз. «Алпомиш» стадиони. 85 томошабин.
Голлар: Дилдора Намозова (3-ўз дарв.), Холида Чориева (33-ўз дарв.) – Камила Зарипова (1, 38, 87), Озода Хожиева (16-пен.), Феруза Турдибоева (41, 76), Мардона Алматова (42), Парвина Содиқова (52, 77), Мафтуна Панжиева (61, 90)
ТЎМАРИС – МEТАЛЛУРГ-W – 2:7 (2:3)
Урганч. «Ёшлик» спорт мажмуаси. 23 томошабин.
Голлар: Асалой Отаназарова (11, 15) – Азиза Норбоева (19, 31, 45+2, 70), Дурдона Алиева (75), Айнур Даулбаева (86), Севинч Мурадуллаева (90)
НЕФТЧИ-W – СЎҒДИЁНА-W – 0:17 (0:11)
Фарғона. «Нефтчи» қароргоҳи майдони. 40 томошабин.
Голлар: Фусеина Мумуни (12, 15, 17, 24, 27, 45, 60, 77), Диёра Хабибуллаева (32, 35, 40, 56, 58, 87), Алберта Аҳиалей (42), Нафиса Набиқулова (43), Эъзоза Шарипова (52)
ДИНАМО-W – НАВБАҲОР-W – 1:3 (1:1)
Самарқанд. «Нурафшон» майдони. 45 томошабин.
Голлар: Гулёра Мертинова (27) – Нилуфар Дадажонова (33), Муқаддам Абдуллаева (73), Тожинисо Рашидова (88)
ЛОКОМОТИВ-W – БУХОРО-W – 4:0 (0:0)
Тошкент. «Бунёдкор» академияси майдони. 9 томошабин.
Голлар: Жасмина Абдуғаниева (47), Фазилат Баҳромова (63), Дилдора Эргашева (69, 80).
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА