“Аёллар дафтари” имтиёз эмас, имконият
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ўғилой Йигиталиеванинг тадбиркорликни йўлга қўйишида субсидия асосида олиб берилган тикув машинаси муҳим аҳамият касб этди. Уй шароитида “устоз-шогирд” анъанаси асосида тикувчилик цехини очган тадбиркор 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Яратилган имкониятдан мақсадли фойдаланиб, иш юритаётган бу аёлга бугун кўпнинг ҳаваси келади.
–“Аёллар дафтари” имтиёз эмас, балки катта имконият, – дейди тумандаги Хонобод маҳалласида яшайдиган Одинахон Охунтошева. – Ёшлигимдан тикувчилик, тўқувчиликка қизиқаман. Аммо, ишлаб чиқариш учун керакли бўлган маблағ, хом ашё харид қилиш имкониятини топа олмаётган эдим. Мутасаддилар билан бўлиб ўтган суҳбатда мақсадларимни баён қилдим. Менга 33 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Ишларимиз жуда яхши кетяпти. Нафақат ўзим, маҳалламиздаги 6 нафар хотин-қизларни ҳам иш билан таъминладим. Айни кунда фаолият кўламини янада кенгайтириш, ишчилар сонини кўпайтириш устида иш олиб боряпмиз.

Муҳими, берилган имтиёзлардан фойдаланиб, камбағалликдан чиқиб, фаровон яшаётган оилалар кундан кунга кўпаймоқда. Шу кунга қадар вилоятда “Аёллар дафтари” га киритилган 79 минг 463 нафар барча тоифадаги хотин-қизларга тегишли тартибда ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун Республика ва маҳаллий бюджет ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 104,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
М.Сулаймонов, ЎзА