Аёл раҳбар – масъулият, салоҳият ва ибрат тимсоли
Бугун жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг раҳбарлик ва бошқарувдаги иштирокини кенгайтириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, аёлнинг жамиятдаги ўрни фақат оила ва тарбия билан эмас, балки ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги иштироки билан ҳам белгиланади.
Бир неча йиллар давомида турли йўналишларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган инсон сифатида шуни ишонч билан айта оламанки, ҳақиқий раҳбар аёл, аввало, билимли ва кенг дунёқарашли бўлиши керак. У ўз соҳасини пухта билиши, сиёсий ва иқтисодий жараёнларни чуқур англаши, замон талабларига мос равишда фикрлай олиши ва энг муҳими, қабул қилаётган ҳар бир қарори учун масъулиятни ҳис этиши лозим.
Раҳбарлик бу шунчаки лавозим эмас. Бу одамлар тақдири, жамоа манфаати ва жамият олдидаги катта масъулиятдир. Шунинг учун раҳбар аёлда профессионал билим билан бир қаторда қатъият, адолат, ташаббускорлик, мулоқот маданияти ва инсонларни бир мақсад атрофида бирлаштира олиш қобилияти ҳам бўлиши зарур.
Навоий вилояти мисолида қараладиган бўлса, хотин-қизларнинг раҳбарликдаги иштироки айрим соҳаларда салмоқли эканини кўриш мумкин. 2026 йил ҳолатига кўра, вилоятда умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг 32,3 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари орасида эса аёллар улуши 46,2 фоизга етган.
Бу рақамлар, аввало, хотин-қизларнинг таълим ва тарбия соҳасидаги салоҳияти юқори эканини кўрсатади. Чунки мактаб раҳбарлиги нафақат ташкилий қобилият, балки юксак маънавият, педагогик тажриба, сабр-тоқат ва инсон руҳиятини англашни ҳам талаб этади.
Шу билан бирга, Навоий вилоятида раҳбари аёл бўлган 2 025 та кичик корхона ва микрофирма қайд этилган. Корхона раҳбарлари таркибида аёллар улуши эса 12,7 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва иқтисодий бошқарувда ҳам ўз ўрнига эга бўлаётганини англатади.
Бироқ ҳали олдимизда турган вазифалар талайгина. Хусусан, саноат, транспорт, қурилиш, иқтисодиёт каби йўналишларда хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги иштирокини янада ошириш учун кенг имкониятлар яратиш зарур. Айниқса, Навоий каби саноат салоҳияти юқори бўлган вилоятда бу масала алоҳида аҳамият касб этади.
Менинг назаримда, раҳбар аёлни фақат унинг лавозими белгилаб бермайди. Ҳақиқий раҳбар аёл – ўз соҳасининг билимдони, сиёсий ва иқтисодий тафаккури кенг, маънавияти юксак, жамоасига нисбатан адолатли ва талабчан инсон бўлиши билан бирга, оиласида ҳам меҳр-оқибат ва тарбия муҳитини ярата оладиган шахсдир.
Аёл раҳбарнинг яна бир муҳим фазилати ибрат бўла олишидир. Унинг кийиниши, муомаласи, билимга муносабати, меҳнатсеварлиги, оила ва касб ўртасидаги мувозанатни сақлай билиши бошқа кўплаб аёлларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шу маънода, ҳар бир раҳбар аёл ўзининг лавозими билан эмас, аввало, шахсий намунаси билан бошқаларга йўл кўрсатиши керак.
Биз аёлларни раҳбарликка жалб этишда фақат статистик кўрсаткичларни оширишни мақсад қилмаслигимиз лозим. Асосий мақсад билимли, салоҳиятли, ташаббускор ва масъулиятли хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз қобилиятини тўла намоён этиши учун зарур шароитларни яратишдир.
Зеро, раҳбарликка муносиб аёл – бу фақат бир лавозимни эгаллаган инсон эмас. У жамоа ишига таъсир кўрсатади, ёш авлодга намуна бўлади, бошқа аёлларга ишонч беради ва жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Бугунги аёл замонавий билим ва касбий маҳоратни юксак маънавият, оилавий қадриятлар ва инсонпарварлик билан уйғунлаштира олса, унинг раҳбар сифатидаги салоҳияти янада юксак бўлади. Шунинг учун аёлларнинг раҳбарликдаги иштироки ҳақида сўз юритганда, масаланинг моҳиятини фақат “Қанча аёл раҳбар бўлди?” деган савол билан чекламаслик керак. Асосий савол “Қандай аёллар раҳбар бўлмоқда ва улар жамиятга қандай таъсир кўрсатмоқда?” деган савол бўлиши лозим.
Чунки ҳақиқий раҳбар аёл билими билан ишонч уйғотади, адолати билан ҳурмат қозонади, маънавияти билан ибрат бўлади ва ўз фаолияти билан бошқа аёлларга йўл очади.
Назира Тоғаева,
халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА