“Аёл қисмати” фильми катта экранда
Президентимиз топшириғи билан “Меҳр” махсус операцияси ва терроризмга қарши курашга бағишланган фильмлар суратга олиниб кенг оммага тақдим этилмоқда.
Томошабинлар томонидан “Мен террорчи эмасман”, “Тутқунлик”, “Бирон – 2”, “Соғинч” каби фильмлар илиқ кутиб олинди. Ушбу фильмларда инсон қадри, ватанпарварлик, тинчлик энг олий неъмат эканлиги кенг ёритилган.
Куни кеча премьераси бўлиб ўтган “Аёл қисмати” фильми реал воқейликларга асосланган. “Меҳр” лойиҳаси доирасида биринчи операциядаёқ 156 нафар аёллар ва болалар олиб келинган. Улардан 41 таси аёллар, қолгани болалар. Ушбу фильмда 41 та олиб келинган аёллар қисмати ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм жуда таъсирли ва ишонарли чиққан.

Фильм саҳналари юртимизда олинган бўлсада, ҳақиқатдан ҳам Суриянинг “Ал-хол” лагеридай кўринган. Фильмга бадиий сайқал берилган бўлсада ундаги персонажлар орамиздаги кишилар. Уларни ачинарли тақдиридан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқаришимиз даркор. Ушбу фильм ватанимизни қадрига етиб, тинчлигимиз энг катта бойлигимиз эканлигини ҳамиша ҳис қилиб яшашга ундайди. Тинч омон бахтли ҳаёт кечириш ҳам, аксинча уни барбод қилиш ҳам ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Шундай экан огоҳлик давр талаби бўлиб турган бир пайтда бундай фильмлар ҳар қандай кишини сергак тортишга ва огоҳ бўлишга чорлайди.
Мадина Насриева,
ЎзА