Аёл, бизнес ва инновация
Жиззах политехника институтида “INNOWOMENWEEK” ҳафталиги доирасида “Аёл, бизнес, инновация” мавзусидаги семинар ҳамда 11 октябрь – Халқаро қизлар куни олдидан “Аёллар бизнесига бир қадам” бизнес-тренингги ўтказилди.
Тадбирлар Оила ва хотин-қизлар, Олий таълим, фан ва инновациялар Жиззах вилоят бошқармалари ҳамда Жиззах политехника институти ҳамкорлигида амалга оширилди.
Дастлаб “Ҳудуднинг 100 нафар тадбиркор аёли” деб номланган, улар ўз корхона, фирма ва цехларида ишлаб чиқарган ва тайёрлаган маҳсулотлар ҳамда “100 нафар ихтирочи аёл” ихтиро қилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг ҳафталик доирасида “Аёл, бизнес, инновация” семинари ҳамда “Аёллар бизнесига бир қадам” бизнес-тренингги бўлиб ўтди.
Иштирокчилар олий ўқув юрти проффессор-ўқитувчи аёллари ҳамда жамиятда ташаббуслари ва янги иш ўринлари, янги маҳсулотлари билан ўз ўрнини топган тадбиркор аёлларнинг қизиқарли маърузаларини диққат билан тинглашди.
[gallery-19650]
– Мен Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали 2-босқич талабасиман, – дейди “Мирзо Улуғбек ворислари” республика кўрик-танлови иштирокчиси, талаба Фарангиз Маматқулова. – Ҳозир асосан хотин-қизларимиз фойдаланаётган кимёвий гелнинг инсон териси учун зарарини билмайдиган кишини тассаввур қила олмайман. Бугунги кўргазмага устозим Сайёра Муродова бошчилигида ихтиро қилинган ошхона идиш-товоқларини ювишда фойдаланиладиган, мутлақо зарарсиз восита, яъни биологик тоза гель маҳсулоти билан иштирок этаяпман. Ушбу кимёвий гель ювиш воситасидан фойдаланилганидан кейин идишлар камида ярим соат давомида илиқ сувда яхшилаб чайилмасдан фойдаланилса, ошқозон яралари келтириб чиқариш хавфи пайдо бўлади. Шундан келиб чиқиб, инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз ювиш воситасини ихтиро қилиш ғояси туғилди. Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда истеъмол қилинган ҳўл мева маҳсулотларининг қолдиқлари 30 фоиз ҳолатда ташлаб юборилар экан. Ушбу лойиҳамизни амалга ошириш учун ана шу витаминларга бой бўлган мева чиқиндиларидан фойдали герментларни олиб, биологик тозаловчи воситани яратдик. Ушбу воситамизнинг таркибида ҳеч қандай кимёвий модда йўқ ва у инсон саломатлиги учун мутлақо зарарсиз. Ушбу лойиҳамизга патент олсак, уни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиб, нафақат аёлларимиз, балки бутун оила соғлигини сақлаган бўлардик.
Очиқ мулоқот ва суҳбат тарзида ўтган тадбирлар давомида энг фаол иштирокчилар шу йўналишларга оид турли кўрик-танловларда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар билан тақдирланди.
Семинар ва тренинг якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари