Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён мамлакатимиздаги ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик, маданий меросни асраш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш борасидаги ишлар халқаро ахборот маконида қандай акс этаётганини кўрсатади.
“Синьхуа”: Хитой ва Марказий Осиё давлатлари археология ва маданий меросни асраш соҳасида ҳамкорлик қилмоқда

Хитойнинг Синьхуа ахборот агентлиги Хитой ва Марказий Осиё ўртасида археология ҳамда маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида репортаж эълон қилди.
Материалда Навоий вилоятидаги қадимий қабристонда Ўзбекистон ва Хитой олимлари олиб бораётган қўшма тадқиқотлар алоҳида ёритилган. Дастлабки хулосаларга кўра, ушбу обида милоддан аввалги II асрдан милодий II асргача бўлган даврга тегишли. Мазкур илмий лойиҳа Пекин университетининг Археология ва музейшунослик мактаби ҳамда Самарқанд археология институти томонидан 2025 йилнинг август ойидан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда.
БТА: Ўзбекистон ва Иордания икки томонлама келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиради

Болгария телеграф агентлиги Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Иордания парламенти Қуйи палатаси раисининг ўринбосари Хамис Атие билан учрашгани ҳақида хабар берди.
Учрашувда савдо-иқтисодиёт, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган. Жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари билан Иорданиядаги сайёҳлик манзиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш имкониятига эътибор қаратилган.
“Кабар”: Қирғизистон ва Ўзбекистон парламентлараро алоқаларни мустаҳкамламоқда

Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги Жогорку Кенеш Раиси Марлен Маматалиев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашгани ҳақида хабар берди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Марлен Маматалиев парламентлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши икки давлат муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган.
Содиқ Сафоев эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланганини қайд этган. Ушбу ҳужжат ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратаётгани таъкидланган.
WAM: Нукусда барқарор қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро ўқув дастури якунланди

Бирлашган Араб Амирликларининг WAM ахборот агентлиги хабар беришича, Халқаро шўрланган ерларда қишлоқ хўжалиги маркази Дубай ва Ўзбекистонда ўтказилган ўқув-амалий дастурни якунлади.
Абу-Даби тараққиёт жамғармаси молиялаштирган ушбу дастур Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Дастурнинг 21–23 сентябрь кунлари Дубайда ўтказилган биринчи босқичида Ўзбекистондан 10 нафар мутахассис қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликни бирлаштирган тизимларни бошқариш бўйича билим олди.
5–6 октябрь кунлари Нукусда ташкил этилган иккинчи босқичда эса 16 нафар иштирокчи балиқчилик, экин етиштириш ва спирулина ишлаб чиқариш бўйича амалий машғулотларда қатнашди.
Нашр таъкидлашича, дастур маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, кичик фермерларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА