Ахалтака отлари бўйича “Шарқ марвариди – 2026” жаҳон чемпионати ғолибларига
Қадрли дўстлар, азиз меҳмонлар!
Авваламбор, халқаро от спорти мусобақаси якунларига бағишлаб ўтказилаётган ушбу тантанали маросимда иштирок этаётган барча юртдошларимиз ва муҳтарам меҳмонларимизни чин дилдан қутлайман.
Мусобақаларда юксак маҳорат ва жасорат, миллий анъаналарга садоқат намунасини намоён этиб, улкан натижаларга эришган барча ғолиб ва совриндорларни самимий табриклаймиз.
Бугунги маросим азим пойтахтимиздаги муҳташам ва файзли “Ашхобод” боғида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор. Ушбу гўзал маскан нафақат ўзининг бетакрор меъморий қиёфаси, балки ўзбеква туркман халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва муштарак маънавий илдизларнинг ёрқин тимсоли сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Шу кунларда мамлакатларимиз вакиллари ўртасида ўтказилган мусобақалар ва унинг ғолибларини шарафлашга бағишланган мазкур тантанали тадбир ҳам халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Азал-азалдан озодлик, мардлик, садоқат, матонат ва нафосат тимсоли бўлиб келган отга меҳр ва эътибор Марказий Осиё халқларига хос бўлган олижаноб фазилат ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ҳам қардош элларимиз ана шу бебаҳо меросни муносиб давом эттириб, чавандозлик санъатини янада юқори босқичга олиб чиқаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Халқаро миқёсда от спортини ривожлантириш бўйича Туркманистон Президенти ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедов ҳамда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, қадрли биродарим Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли мамлакат улкан ютуқларга эришмоқда, халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Дунё ҳамжамияти Туркманистоннинг тинчликсевар, конструктив сиёсатини, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва маданий меросни бойитиш борасидаги муваффақиятларини юксак эътироф этмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, қадимий ахалтака йилқичилиги анъаналарини муносиб давом эттириш, унинг шон-шуҳратини бутун дунёга тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида қайд этиш ўринли бўлади.
Бугунги кунда ахалтака тулпорлари нафақат туркман халқининг миллий ифтихори, балки бутун минтақамиз маданий меросининг ноёб дурдонаси сифатида қадрланмоқда.
“Мустақил бетараф Туркманистон – мақсад сари интилувчи қанотли тулпорлар ватани”, деб эълон қилинган жорий йилда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, халқаро анжуманлар, илмий форумлар ва байрам тантаналари дунё халқларининг чавандозлик санъатига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Янги Ўзбекистонда ҳам миллий қадриятларни асраб-авайлаш, аждодларимиздан мерос ноёб анъаналарни келажак авлодларга безавол етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, миллий спорт турларини ривожлантириш, от спортини оммалаштириш, наслдор йилқичиликни қўллаб-қувватлаш ва замонавий инфратузилмани яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Моҳир чавандозлар, тажрибали сайислар ва фидойи мутахассисларимиз бу соҳадаги миллий мактабларнинг шон-шуҳратини юксалтириш, ёш авлодни азму шижоат, ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Биз келгусида ҳам давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, азалий дўстлигимизни янада мустаҳкамлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мусобақаларда юксак натижаларга эришган барча ғолиб ва совриндорларни яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Ўзбек–туркман дўстлиги доимо бардавом бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти