Автомашина хатлангач, қарздорлик тўлиқ қопланди
Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Р.Ш.дан "Ипотекабанк" АТИБ Зарафшон филиали фойдасига 134 миллион 637 минг 207 сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш белгиланган эди.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Учқудуқ туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочиси томонидан қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор номида 2024 йилда ишлаб чиқарилган “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси мавжудлиги аниқланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.
Қидирув тадбирлари натижасида мазкур автотранспорт воситаси аниқланиб, давлат ижрочиси томонидан жарима майдончасига жойлаштирилди ҳамда хатланди. Кўрилган мажбурий ижро чоралари натижасида қарздор томонидан 134 миллион 637 минг 207 сўм миқдоридаги кредит қарздорлиги тўлиқ қопланди.
Шундан сўнг ҳужжатнинг амалдаги ижроси тўлиқ таъминланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ижро иши тўғрисида”ги қонунининг 41-моддаси талабларига мувофиқ ижро иши тамомланди.
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ҳамда тўлиқ ижро этилишини таъминлашга қаратилган ижро тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири