Австриялик кардиожарроҳ Бухорода
Австрия давлатининг Вена университети кардиожарроҳи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Марек Эйрлих Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалидаги фаолиятни ўрганди.
Австриялик тиббиёт доктори “Аневризмни даволаш дастури” раҳбари ҳисобланади. У республика тиббиёт муассасаси етакчи кардиожарроҳи, профессор Абдусалом Абдураҳмонов билан биргаликда уч кун давомида турли даражадаги кардиохирургик операцияларни ўтказди. Бухоролик ҳамкасблари, ёш мутахассислар учун маҳорат дарсларини ташкиллаштирди.

Таъкидлаш жоизки, илк бор 7 нафар беморда ўтказилган мураккаб кардиохирургик операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
– Марказда илк бор амалга оширилган бу амалиётлар Бухоро тиббиёти ривожи учун катта аҳамиятга эга, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори М.Ражабов. – Мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш мутахассислардан касбий билим ва амалий маҳорат, юқори тажрибани талаб қилиши билан бирга, беморларнинг ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини оширишда беқиёс аҳамиятга эга. Австриялик мутахассис бошчилигида ўтказилган юқори технологик мураккаб операциялардан сўнг ҳозирда беморларнинг аҳволи яхшиланган бўлиб, муолажа ва парваришлаш давом эттирилмоқда.

Шунингдек, хорижлик доктор Mарек Эйрлих ўз илмий-амалий фаолияти хусусида филиал врачлари ўртасида маъруза қилди. Австрия ва жаҳон миқёсида кардиожарроҳлик амалиётларининг бугунги ютуқлари тўғрисидаги тақдимоти билан ўртоқлашди. У филиалда яратилган шароит ва имкониятлар маъқул келганлиги, кейинги ташрифлар давомида бошқа турдаги мураккаб кардиожарроҳлик операцияларини бухоролик мутахассислар билан биргаликда бажара олиши ҳамда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, австриялик профессор Марек Эйрлих филиалнинг кардиохирургия ва кардиореанимация бўлимида даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён этди. Кўрик давомида 40 нафардан ортиқ жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган бухоролик беморлар консультация қилиниб, кейинги босқичда уларда бу амалиётларни ҳамкорликда ташкил этиш хусусида келишиб олинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.