Австралия армиясига илк бор аёл раҳбар тайинланди
Австралия армиясига 125 йилда илк бор аёл раҳбар тайинланди. Генерал-лейтенант Сьюзан Койл июль ойидан бошлаб Қуруқлик қўшинлари қўмондони лавозимини эгаллайди. Бу қарор мамлакат мудофаа тизимидаги муҳим ўзгариш сифатида баҳоланмоқда.
Воқеани тарихий деб атаган Бош вазир Энтони Альбанезе таъкидлашича, ушбу қарор аёллар учун янги имконият очади. Мудофаа вазири ҳам тайинлов келажак авлод учун кучли илҳом бағишлашини айтди. Яъни, армияда гендер тенгликка эътибор кучаймоқда.
1987 йил ҳарбий хизматга кирган Койл турли юқори лавозимларда ишлаган. Унинг тажрибаси ва раҳбарлик қобилияти танлов учун асосий омил бўлди. Қолаверса, Сьюзан мамлакат ҳарбий тизимидаги ислоҳот жараёнида муҳим ўрин эгаллаши кутиляпти. Айниқса, етакчи хотин-қизлар сонини ошириш масаласи жуда долзарб.
Ҳозир Австралия Қуролли кучларида аёллар улуши 20 фоиз атрофида. Ҳукумат бу кўрсаткични янада ошириш режасини тузган. Зеро, сўнгги йилларда армияда дискриминация ва зўравонлик бўйича шикоят кўпайган. Янги раҳбар тайинланиши айни муаммоларни ҳал қилишга ҳам хизмат қилиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё,
ЎзА