Авангард педагогика – ёшлар тарбияси ва ижтимоийлашувининг инновацион модели
Бугунги кундаги рақамли трансформация шароитида таълим тизими олдига мутлақо янги вазифалар қўйилмоқда. Эндиликда ёш авлодга шунчаки билим улашиш етарли эмас, уларни мустақил фикрловчи, ижтимоий фаол, мослашувчан ва масъулиятли шахс сифатида шакллантириш долзарб масалага айланган. Шу нуқтаи назардан, “Авангард педагогика” тушунчаси анъанавий таълим тизимидан воз кечиб, инновацион ёндашувларни илгари сурувчи муҳим концепт сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилган “Авангард педагогика: ёшлар тарбияси ва ижтимоийлашувининг инновацион моделлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция айнан мана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, таълим тизимини модернизация қилиш жараёнларининг мантиқий давоми бўлди. Унда ёшлар тарбияси ва ижтимоийлашувига доир назарий ҳамда амалий масалалар чуқур таҳлил қилинди.
Очилиш маросимида ёшлар тарбияси масаласи бугунги кунда фақат бир мамлакат доирасида эмас, балки глобал миқёсда долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу боис, замонавий педагогика ёшларни нафақат билимли, балки танқидий фикрлашга қодир, ахборотни саралашни биладиган, ижтимоий масъулиятни ҳис этадиган шахс сифатида тарбиялашни кўзда тутади. Бу эса таълим тизимида инновацион методларни жорий этишни тақозо этади.
[gallery-28605]
Конференцияда алоҳида урғу берилган масалалардан бири компетенциявий ёндашув бўлди. Ушбу ёндашув ўқувчиларда нафақат билим, балки амалий кўникмалар, муаммоларни ҳал қилиш қобилияти ва коммуникатив компетенцияларни шакллантиришга хизмат қилади.
Халқаро экспертлар томонидан илгари сурилган фикрлар орасида рақамли технологияларни таълим жараёнига интеграция қилиш масаласи алоҳида ўрин тутди. Бугунги кунда сунъий интеллект, онлайн таълим платформалари, интерактив методлар ўқув жараёнини янада самарали ва қизиқарли қилиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, рақамли педагогика нафақат техник воситаларни қўллашни, балки ўқитиш методологиясини ҳам янгилашни талаб этади. Яъни, ўқитувчи эндиликда билим берувчи эмас, балки йўналтирувчи вазифасини бажариши зарур.
Конференция доирасида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган ўқувчилар билан ишлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Замонавий таълим тизими ҳар бир шахснинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таълим беришни назарда тутади.
Мазкур халқаро илмий-амалий конференция таълим тизимини модернизация қилиш йўлида муҳим босқич бўлиб, инновацион педагогик ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилувчи самарали платформа сифатида намоён бўлди.
Энг муҳими, ушбу анжуман ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, замонавий билим ва кўникмаларга эга шахс сифатида тарбиялаш йўлида муҳим йўналишларни белгилаб берди. Шу жиҳатдан қараганда, “Авангард педагогика” бугунги кун талаби эмас, балки эртанги тараққиётнинг асосий омилларидан бири сифатида майдонга чиқмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА