Атом соҳаси ходимлари “Раҳбар кубоги”да беллашди
“Ўзатом” агентлиги ташаббуси билан атом энергетикаси соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ўртасида “Раҳбар кубоги” спорт мусобақаси ўтказилди.
Тадбирда агентлик тизимидаги бир қатор ташкилотлар жамоалари иштирок этиб, мини-футбол, стол тенниси ва шашка бўйича ўзаро беллашди. Мусобақалар давомида иштирокчилар спорт маҳорати, чаққонлик ва жамоавий ҳамкорлик борасида ўз имкониятларини намойиш этди.

Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жисмоний фаолликни рағбатлантириш ҳамда меҳнат жамоаларидаги бирдамликни мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, спорт мусобақалари турли бўлинмалар вакиллари ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш имкониятини ҳам яратди.

–“Раҳбар кубоги” каби спорт тадбирлари жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби мусобақалар ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш билан бирга, масъулиятли, бир мақсад сари интиладиган ва ҳар қандай вазифани биргаликда бажара оладиган жамоани шакллантиришга хизмат қилади. Келгусида ҳам “Ўзатом” тизимида шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади, – деди “Ўзатом” агентлиги директори ўринбосари Нозим Муксинов.
Мусобақа якунида энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар ҳамда жамоалар тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА