AstraZeneca вакцинаси атрофидаги шов-шувлар
Ўтган ҳафта Европа дори-дармон воситалари агентлиги (EMA), минтақанинг бир нечта мамлакатида AstraZeneca вакцинаси билан билан эмланган кишиларда тромбоэмболик кучайиш кузатилгани боис эмлаш тўхтатилгани ҳақда маълум қилганди.
Италияда AstraZeneca вакцинаси билан эмланганлар орасида саккизта шубҳали ўлим қайд этилган, яна тўрт кишининг аҳволи ёмонлашган, дейди Республика дори-дармон воситалари бўйича агентлиги (Aifa) бош директори Никола Магрини.
"Ушбу воқеаларнинг аксари эмлашдан анча вақт ўтгандан кейин содир бўлди. Шу боис текширув муддати чўзилиб кетмоқда. Биз тезкор суръатда маълумотлар тўплашни бошладик", – дейди у la Repubblica газетасига берган интервьюсида.
Шу билан бирга, Магрини препарат хавфсиз эканини таъкидлар экан, биринчи дозани олгандан кейин бошқа ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан фақат аҳволни кузатиб туриш лозимлигини уқтирган.
"Вакцинани қўллашни тўхтатиш бўйича қарор Европанинг бир нечта мамлакати, жумладан, Германия ва Францияда бир-иккита кўнгилсиз воқеа кузатилгани учун қабул қилинди ва текшириш учун танаффус эълон қилиш ва кейин яна қайта бошлаш таклиф этилди. Бу сиёсий танлов бўлганди", – дейди Aifa бош директори.
Ушбу воқеалар сабаб Англия-Швеция маҳсулоти бўлмиш – AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш Австрия, Эстония, Литва, Латвия, Люксембург, Дания, Болгария, Норвегия, Исландия, Словения, Швеция, Италия, Франция, Германия ва Испанияда ҳам тўхтатилди.
ЖССТ препарат ҳақида ижобий фикр билдирмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) AstraZeneca вакцинасининг ҳеч қандай зарари йўқлигини таъкидлаб, ундан фойдаланишни тавсия этмоқда.
ЖССТнинг расмий вакили Маргарет Харрис ушбу тавсияга қуйидагича изоҳ берган: “AstraZeneca вакцинасининг хавфсизлиги билан боғлиқ барча сигналлар экспертизадан ўтказилиб натижалари шу ҳафта эълон қилинади. ЖССТ COVID-19га қарши вакциналар, жумладан, AstraZenecaга оид барча шубҳаларни тизимли равишда кўриб чиқиб, ўз тавсияларини беради. Қўмита AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқ ҳозирги эътирозларни ҳам синчковлик билан ўрганиб чиқмоқда. ЖССТ вазиятни тўлиқ тушуниб етгандан кейин зудлик билан натижалар эълон қилинади”.
Ҳамма гап шундаки, ўлим ҳолатлари айнан вакцина туфайли содир бўлганига далил йўқ. Шу боис касалликнинг оғир ҳолатини бошдан кечираётган беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун вакцинациялаш кампаниясини давом эттириш лозим, дейди ЖССТ экспертлари.
Уларнинг таъкидлашича, Европанинг қатор мамлакатларида вакциналарнинг маълум бир партиясидан фойдаланиш тўхтатилмоқда, бошқа мамлакатларда эса шунчаки эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан фойдаланилмай турибди.
Текширувлар ниҳосига етгунга қадар Европа мамлакатларидан ташқари Таиланд ва Индонезияда ҳам AstraZeneca вакцинасини қўллашни тўхтатиб туришга қарор қилинди.
Шу билан бирга, AstraZenecaни ишлаб чиқарган Буюк Британиянинг ўзида шу вақтгача ушбу вакцина билан 10 миллиондан зиёд киши эмланган. Лекин уларнинг бирортасида ҳам юқорида тилга олинган муаммо кузатилмаган.
Умуман, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Буюк Британияда ҳозиргача AstraZeneca билан 17 миллион киши эмланган бўлса, уларнинг бирортасида ўлим ҳолатлари кузатилмаган.
Қолаверса, вакцинани қўшимча тестдан ўтказиш чоралари бошқа компаниялар, шунингдек, Европа соғлиқни сақлаш органлари томонидан мустақил равишда олиб борилмоқда. Ушбу такрорий синовларнинг бирортасида хавотирга сабаб бўладиган асослар топилмаган.
Вакцинани ишлаб чиқиш жараёнида AstraZeneca компанияси ва унинг ҳамкорлари, қолаверса, йигирмадан ортиқ мустақил лабораторияларда ушбу препарат сифатини текшириш учун 60 дан ортиқ синов ўтказилмоқда. Барча тестлар сифат назоратининг қатъий қоидаларига мувофиқ келиши лозим ва олинган маълумотлар ҳар бир мамлакат ёки ҳудуднинг мувофиқлаштирувчи органига берилади. У ерда олинган маълумотларга қараб вакцина партиялари давлатларга жўнатилиши бўйича бир қарорга келиниши маълум қилинган.
БМТ нима дейди?
AstraZeneca вакцинаси атрофидаги шов-шувлар БМТ раҳбариятини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Таъкидлаш жоиз, БМТ AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишда ЖССТ кўрсатмаларига амал қилишини маълум қилган.
Ташкилот Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик брифингда маълум қилишича, AstraZeneca ва Pfizer вакциналари COVAX механизми доирасида тарқатилмоқда. “Биз илмга ва ЖССТ кўрсатмаларига амал қиламиз.
Ўйлашимча, ЖССТ AstraZeneca вакциналари билан боғлиқ муаммо йўқлиги ҳақида ўтган икки кун давомида етарлича изоҳ берди", – дейди Дюжаррик нега 15 давлат AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатган бир пайтда БМТ уларни мамлакатларга жўнатишни давом эттирмоқда, деб берилган саволига жавобан.
Мана, коронавирус пандемияси бошланганига ҳам бир йилдан ошди. Офатни узил-кесил бартараф қилиш учун вакцина яратиш бўйича бошда 136 та ташкилот шуғулланишни бошлаган эди. Ҳозиргача 10 та вакцина тайёр.
Улар орасида Россиянинг Гамалея марказида ишлаб чиқилган Спутник V вакцинаси энг биринчилардан бўлиб клиник синовлардан ўтганди. Шундан кейин, Германиянинг BioNTech, Хитойнинг Fosun Pharma, Sinovac Biotech, АҚШнинг Pfizer, Moderna, Ҳиндистоннинг Bharat Biotech, Буюк Британия ва Швейцариянинг AstraZeneca вакциналари қўлланиш учун тасдиқдан ўтди.
Вакциналар ҳаммага етарлими?
2020 йил охирида вакцина ишлаб чиқарувчи учта йирик корхона (AstraZeneca, Pfizer / BioNTech ва Moderna) 2021 йил охиригача 5,3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқара олишини маълум қилганди. Бу тахминан 3 миллиард киши учун, яъни дунё аҳолисининг учдан бир қисмига етарли бўлади.
Аммо, масаланинг бир муаммоли томони бор. У ҳам бўлса, мазкур вакциналар ҳаммага бирдек тарқатилмайди. Уларнинг катта қисми дунёнинг ўзига тўқ мамлакатлари томонидан аллақачон банд қилинган. Масалан, Евроиттифоққа кирувчи 27 мамлакат, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Япония сингари яна тўртта бадавлат мамлакат вакциналарнинг аксарият қисмига аввалдан буюртма бериб қўйган. Уларнинг айримлари ҳатто катта захирага, масалан, Канада ҳар бир фуқароси учун 9 дозагача, АҚШ бир киши учун 7 дозагача, Евроиттифоқ мамлакатлари 5 дозагача буюртма берган.
Муаммо шундаки, ушбу мамлакатлар жами вакцинанинг учдан бир қисмига буюртма берган бўлиб, улардаги аҳоли сони дунё аҳолисининг атиги 13 фоизи ташкил этар экан.
Шунингдек, вакциналарнинг нархлари ҳам турлича. Масалан, AstraZeneca (1,78 доллар) уларнинг энг арзони бўлса, энг қиммати Moderna (18 доллар) бўлиб чиқди.
Оммавий эмлаш пандемияга чек қўядими?
Бу ҳақда турли ташкилотлар турлича фикр билдирмоқда. Масалан, Bloomberg агентлигининг ёзишича, коронавирус пандемиясини тўхтатиш учун сайёрамиз аҳлисининг 75 фоизини эмлаш лозим бўлади, лекин эмлаш жараёни ҳозирги суръатда давом этадиган бўлса, бунга камида 7 йил керак.
Агентлик хабарида айтилишича, дунё бўйича ҳар куни COVID-19га қарши 4,5 миллиондан ортиқ вакцина ишлатилмоқда. Агар ҳар бир одамга икки доза препарат укол қилинадиган бўлса, ер юзи аҳолисининг кўпчилик қисмини эмлаш учун етти йил керак бўлар экан.
АҚШда ушбу жараён 11 ойни эгаллайди. Мамлакатда кунига 1,3 миллион киши эмланмоқда. Ушбу вазифани Исроил (100 кишига 58 доза, чунки бу мамлакатда 21 фоиз аҳоли аллақачон эмланиб бўлинди) ва Бирлашган Араб Амирликлар (100 кишига 35,8 доза) ҳаммадан яхши уддалайди чамаси. Лекин эмлаш бошланганидан буён кўплаб мамлакатлар COVID-19га қарши препаратни ҳамма қатори ололмаётгани маълум бўлмоқда.
Хуллас айрим мамлакатларда эмлаш ҳали бошлангани ҳам йўқ. Қолаверса, коронавирусга қарши вакциналарни тарқатиш жараёни инсоният қаршисида кўндаланг турган мураккаб логистик муаммога айланмоқда.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади