"Astana Open" турнирида вакилларимиз кейинги босқичда
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида теннис бўйича ўсмирлар ўртасида J300 таснифига кирувчи “Astana Open” халқаро теннис мусобақаси вакилларимиз учун муваффақиятли бошланди.
Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтаётган мазкур мусобақанинг асосий тўри биринчи даврасида Маҳмудбек Бекназаров, Данила Квасов, Алан Зинатулин, Акмал Абдуллаев, Кейра Ким ва Александра Бармичева каби теннисчиларимиз ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
Натижада Маҳмудбек Бекназаров Ҳиндистон вакили Пранеел Шармага қарши кортга чиқса, Данила Квасов Корея Республикаси теннисчиси О Син-Минг билан рақобатлашадиган бўлди. Шунингдек, Алан Зинатулин швециялик Уильям Кьеллберг, Акмал Абдуллаев эса ҳиндистонлик Тавиш Пахвани синовдан ўтказиши ойдинлашди.
Қизлар ўртасидаги иккинчи давра беллашувларида Кейра Ким словакиялик Лаура Масарикова, Александра Бармичева эса яна бир словакиялик теннисчи София Бархацовага қарши куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА