Аср аёли қандай бўлиши керак?
Наманганда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “XXI аср аёли” Республика кўрик-танловинининг вилоят босқичи ўтказилди.
Танловнинг очилишида айтилганидек, аёлларсиз ҳаётни, тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Улар жамиятнинг етакчи кучлари, моҳир ва уддабурон мураббийлари, меҳрибон ва оқила тарбиячиларидир.
Келажаги буюк давлат қуриш борасида биз, энг аввало, ёш авлодга таянамиз. Фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади.

Оиладаги ўғил-қизларимизнинг қандай инсонлар бўлиб етишиши аёлларимизга боғлиқ. Партиянинг 26 минг 474 аъзосининг 11 минг 510 нафари хотин-қизлардан иборат. Бу рақамларнинг 5 минг 200 нафари Наманган давлат университети талаба-ёшлари ҳиссасига тўғри келса, улардан 2 минг 230 нафарини айнан қизлар ташкил этади.
Айни шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, танлов мезбонлиги учун мазкур олий таълим даргоҳи танлангани бежиз эмас. Қолаверса, кўрик-танловда иштирок этиш учун ЎзМТДП вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан университетнинг 11 нафар талаба қизи саралаб олинди.
Кўрик-танловнинг биринчи шартига кўра, танлов иштирокчилари ёзган диктантларини Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази раҳбари баҳолаб борди. Талаба-қизларда миллий ғурур, Ватанга садоқат, қадриятларга ҳурмат туйғусини оширишга, келажакда уларни оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини ҳисобга олган ҳолда, иккинчи шарт бўйича, улар анъанавий, миллий қўшиғимиз - Аллани ижро этишлари керак бўлди. Лобар ва билимдон қизлар оналар ижро этадиган халқона қўшиқни маромига етказиб ижро эта олди.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури йўналишлари асосида ижтимоий лойиҳалар тақдимоти танловнинг учинчи шартида тақдим этилди. Филология факультети талабаси Ҳуснора Абдураҳмонова, математика факультети талабаси Муштарий Пўлатова, жисмоний маданият факультети талабаси Нилуфар Шодмонова тузган лойиҳалар барчага бирдек маъқул келди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг тўплаган баллари эълон қилингач, партиянинг вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев иштирокчи қизларни табриклади. Танловда ғолибликка сазовор бўлган Наманган давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультети талабаси Мастура Зокиржонова “XXI аср аёли”нинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Кўрик-танлов якунида иштирокчи қизларнинг мурожаатларига кўра, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси сафига қабул қилинди. Уларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА