Асоссиз хавотир: бугун ўқиётган фарзандимнинг эртага эгаллайдиган касбини сунъий интеллект бутунлай тортиб олмайдими?
Биз инсоният тарихидаги энг тезкор ва шиддатли трансформация даврида яшамоқдамиз. Кечагина фантастик фильмлар сюжети бўлиб туюлган технологиялар бугун кундалик ҳаётимиз ва меҳнат бозорининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бугунги кунда анъанавий касблар ўз ўрнини рақамли кўникмаларга бўшатиб бераётган бир пайтда, ёш авлодни эртанги кунга тайёрлаш ҳаётий заруратга айланди. Бу жараёнда ахборот технологиялари (IT), сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт ёшларимизни келажак касбларига етакловчи, уларнинг глобал миқёсда рақобатбардош бўлишини таъминловчи учта асосий устундир. Бу соҳалар шунчаки янги иш ўринлари эмас, балки ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун чексиз имкониятлар оламидир.
Жорий йил 28-август куни Янги Тошкентда мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев келгуси ўн йилликни мамлакатимиз учун “миллий юксалиш даври” деб атади ва инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни эълон қилди. Нутқдаги кўплаб муҳим фикрлар орасидаги бир жумла, айниқса, ёшларимиз ва ота-оналар учун алоҳида эътиборга лойиқдир: “Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.” Бир қарашда қисқа бўлиб туюладиган, шу жумладан, бутун бир авлод тақдирига дахлдор стратегик вазифа мужассам.
Давлатимиз раҳбари нутқида белгиланган ушбу вазифанинг мазмун-моҳияти, ёшларимиз олдида очилаётган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси мудири, ю.ф.ф.д., доцент вазифасини бажарувчи Дилшоджон Эгамбердиев билан суҳбатлашдик.

– Президентимиз нутқида тилга олинган “рақамли индустрия” ва “келажак касблари” иборалари оддий инсон учун бироз мавҳум туюлиши мумкин. Аввало, IT дегани аслида нима? Рақамли технологиялар бугунги оддий фуқаронинг кундалик ҳаётини қай даражада ўзгартириб улгурди?
– Бу саволга оддий мисолдан бошлаб жавоб берсам. IT, яъни ахборот технологиялари – маълумотни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва бир жойдан иккинчи жойга етказиш учун ишлатиладиган воситалар ва усуллар мажмуи. Компьютер, смартфон, интернет, дастурлар, мобил иловалар, маълумотлар базалари – буларнинг барчаси IT оламининг бир қисми. Оддий қилиб айтганда, IT – бугунги ҳаётимизнинг кўринмас “асаб тизими”. Бир неча йил олдин коммунал тўлов учун навбатда турардик, маълумотнома олиш учун идорама-идора юрардик. Бугун эса мобил банкинг, электрон давлат хизматлари, маркетплейслар, навигация, ижтимоий тармоқлар ва турли рақамли платформалардан деярли ҳар куни фойдаланамиз. Такси чақириш, озиқ-овқат буюртма қилиш, фарзанднинг баҳоларини кузатиш, шифокор қабулига ёзилиш – барчаси бир неча тугмани босиш билан амалга ошмоқда.
“Рақамли индустрия” деганда эса ана шу хизматларни яратадиган, уларни ишлатиб турадиган ва ривожлантирадиган бутун бир иқтисодиёт тармоғини тушуниш керак. Бу дастурий маҳсулотлар яратиш, маълумотларни қайта ишлаш, онлайн хизматлар, рақамли контент, киберхавфсизлик ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олади. Сунъий интеллект эса ушбу жараёнларнинг янги, сифат жиҳатидан юқорироқ босқичидир. У катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, таржима қилиш, тасвир ва матн яратиш ҳамда такрорланувчи вазифаларни автоматлаштириш имконини бермоқда.
– Сунъий интеллект ҳақида бугун ҳамма гапиради, лекин унинг ўзи нима эканини аниқ тушунтириб бера оладиганлар кам. Уни оддий, халқона тилда қандай изоҳлаш мумкин? Юртимизда бу технологияга қонун даражасида қандай таъриф берилган?
– Оддий тилда айтганда, сунъий интеллект – компьютерга худди инсон каби “ўрганиш” ва “хулоса чиқариш” қобилиятини берадиган технология. Масалан, бола минглаб мушук расмларини кўриб, кейин исталган мушукни таний олади. Сунъий интеллект ҳам худди шундай. Унга миллионлаб матн, расм ёки рақамлар “кўрсатилади”, у улардаги қонуниятларни ўрганади ва кейин янги вазиятда мустақил жавоб бера олади. Телефонингиздаги овозли ёрдамчи, расмдаги юзни танийдиган камера, саволингизга матн билан жавоб қайтарадиган чат-дастур – буларнинг барчаси сунъий интеллект намуналари. Ўзбекистонда бу соҳада алоҳида ҳуқуқий база шаклланмоқда.
2026 йил 21 январда қабул қилинган “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга сунъий интеллект тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, сунъий интеллект – инсон билим ва кўникмаларига тақлид қиладиган, мустақил ўрганадиган, ечим излайдиган ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий меҳнати натижалари билан солиштирса бўладиган натижаларга эриша оладиган технологик ечимлар мажмуи сифатида таърифланган. Қонуннинг мен учун энг муҳим жиҳати шундаки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли юридик аҳамиятга эга қарорлар қабул қилинаётганда фақат сунъий интеллект асосида ишлайдиган ахборот тизимининг хулосасига таяниш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Яъни, машина маслаҳат бериши мумкин, лекин инсон тақдирини ҳал қилувчи охирги сўз ва масъулият доим инсонда қолади. Бу Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойилининг технология соҳасидаги аниқ ифодаси.
– Кўпчиликни бир савол ташвишга солмоқда: бугун ўқиётган фарзандим эртага эгаллайдиган касбни сунъий интеллект бутунлай тортиб олмайдими? Машина инсонни айрим касбларда тўлиқ алмаштириши мумкинми?
– Бу ташвиш тушунарли, лекин ваҳимага асос йўқ. Менимча, “касблар йўқолади” дейишдан кўра, “касбларнинг мазмуни ўзгаради” дейиш тўғрироқ. Тарихга назар ташласак, калькулятор пайдо бўлганда ҳисобчилар йўқолиб кетмади, аксинча, улар мураккаброқ таҳлилий ишларга ўтди. Компьютер кириб келганда ёзув машинкалари матн ёзиб берувчилар ўрнини офис менежерлари ва дизайнерлар эгаллади.
Сунъий интеллект ҳужжатларни дастлабки таҳлил қилиш, ахборот қидириш, катта маълумотларни қайта ишлаш ёки стандарт матнларни тайёрлаш каби вазифаларни жуда тез бажариши мумкин. Лекин масъулиятни ўз зиммасига олиш, вазиятни чуқур тушуниш, ахлоқий қарор чиқариш, инсон билан самимий мулоқот қилиш ва танқидий фикрлаш каби вазифаларда инсон омили ҳал қилувчи бўлиб қолади. Беморга ташхис қўйиш, судда адолатли қарор чиқариш, ўқувчининг қалбига йўл топиш – буларни ҳеч қандай алгоритм инсон каби бажара олмайди. Шунинг учун келажакда сунъий интеллект билан рақобат қиладиган эмас, балки ундан тўғри фойдаланишни биладиган мутахассислар кўпроқ устунликка эга бўлади.
– Президентимиз нутқида IТ ва сунъий интеллект билан бир қаторда “креатив иқтисодиёт” ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги пайтларда тез-тез эшитилаётган бу тушунча нимани англатади ва у оддий йигит-қизга қандай имконият беради?
– Креатив иқтисодиёт бу ижодкорлик, интеллектуал қобилият, инновация ва технологиялар орқали иқтисодий қиймат яратиладиган соҳа. Уни оддий тилда “ғоядан даромад олиш иқтисодиёти” дейиш мумкин. Анъанавий иқтисодиётда бойлик манбаи ер, нефть, олтин ёки завод бўлса, креатив иқтисодиётда асосий бойлик инсон тафаккури ва истеъдоди. Яхши куй, қизиқарли мобил ўйин, чиройли дизайн, машҳур блог ёки замонавий услубдаги миллий либос – буларнинг барчаси креатив маҳсулот. Ўзбекистонда бу тушунча энди фақат иқтисодий ёки назарий атама эмас, балки қонунчилик даражасида ҳам мустаҳкамланган. 2024 йил 3 октябрда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунда креатив иқтисодиёт инновациялар ва технологияларга асосланган инсон салоҳияти натижасида иқтисодий қийматга эга товарлар, ишлар ва хизматларни яратишга қаратилган иқтисодиёт тармоғи сифатида таърифланган.
Қонун қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ижод эркинлиги, тенглик ҳамда креатив маҳсулотнинг ҳуқуқий муҳофазасини асосий принциплар сифатида белгилайди. Қонунда креатив иқтисодиётнинг 15 та соҳаси белгиланган, шунингдек, креатив индустриялар парки ва кластерлари, рақамли платформалар, арт-резиденциялар каби қўллаб-қувватлаш инфратузилмаси кўзда тутилган. Бу соҳалар қаторига адабий ижод, амалий санъат ва ҳунармандчилик, архитектура ва урбанистика, аудиовизуал санъат, ижрочилик санъати ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги ижодий фаолият киради. Шунингдек, дастурлаш, реклама, мода, рақамли контент ва ўйин индустрияси ҳам шу доирага киради. Бу йўналишни ривожлантириш ишлари тўхтамаяпти. Жорий йилнинг 7-июлида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Қонун билан Солиқ кодекси, “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонунларга креатив бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
Энг муҳими, бу соҳа катта сармоя талаб қилмайди. Масалан, Марғилон ёки Риштонда яшовчи ёш ҳунарманд ота-бобосидан мерос санъатини рақамли платформалар орқали бутун дунёга сота олади. Вилоятдаги талаба эса уйидан чиқмай хорижий буюртмачилар учун дизайн яратиши мумкин. Креатив иқтисодиёт миллий меросимизни замонавий технология билан уйғунлаштириш учун кенг имконият очади.
– Дунё меҳнат бозори қайси томонга ўзгармоқда ва “келажак касби” деганда нимани тушуниш керак?
– “Келажак касби” деганда фақат ҳали пайдо бўлмаган, хаёлий мутахассисликларни тушунмаслик керак. Бу бугун шаклланаётган ва кейинги беш-ўн йилда талаб кескин ошадиган касблар. Уларнинг кўпчилиги технология билан бевосита ёки билвосита боғлиқ. Бу борада халқаро тадқиқотлар ҳам аниқ манзарани кўрсатмоқда. Жаҳон иқтисодий форумининг 2025-йилги “Касблар келажаги” ҳисоботига кўра, 2030-йилгача фоиз ҳисобида энг тез ўсадиган касблар катта маълумотлар бўйича мутахассислар, Финтех муҳандислари ҳамда сунъий интеллект ва машинавий ўқитиш мутахассисларидир. Ҳисоботда, шунингдек, янги иш ўринларининг пайдо бўлиши ва мавжудларининг йўқолиши биргаликда 2030-йилгача бугунги расмий иш ўринларининг 22 фоизини қамраб олиши тахмин қилинади. Бундан ташқари, “яшил” энергияга ўтиш туфайли автоном ва электр транспорт воситалари бўйича мутахассислар ҳамда қайта тикланувчи энергия муҳандислари ҳам энг тез ўсаётган 15 та касб қаторига кирган.
– Рақамли касблар фақат офисда, компьютер қаршисида ўтирадиганлар учунми? Қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, энергетика каби анъанавий соҳаларга технология қандай янги касбларни олиб кирмоқда?
– Аслида энг қизиқарли ўзгаришлар айнан шу соҳаларда бўляпти. Технология далага ҳам, шифохонага ҳам, заводга ҳам кириб бормоқда. Агротехнология мутахассиси ва агродрон оператори – деҳқончилик анъаналари бой юртимиз учун жуда муҳим касб. Дрон даланинг устидан учиб, қайси қисмида ўсимлик касаллангани ёки сув етишмаётганини аниқлайди, керакли жойга ўғит ва дори сепади. Ақлли сенсорлар эса тупроқ намлигини ўлчаб, суғоришни автоматик бошқаради.
Масалан, сув ёки газ ҳисоблагичи кўрсаткични ўзи юборади, кўча чироқлари инсонлар бўлмаганда ўзи ўчади, иссиқхонадаги ҳарорат масофадан бошқарилади. Халқаро ҳисоботларда ҳам бу касб энг тез ўсаётганлар қаторида тилга олинмоқда. Робототехника муҳандиси заводларда оғир, хавфли ёки такрорланувчи ишларни бажарадиган роботларни лойиҳалайди, созлайди ва уларга хизмат кўрсатади. Тиббий информатика мутахассиси ва биоинформатик тиббиёт ва технологияни бирлаштирган касблар. Тиббий информатика мутахассиси электрон тиббий карталар, телемедицина, яъни шифокор билан масофадан маслаҳатлашиш ҳамда касалликларни эрта аниқлайдиган рақамли тизимлар устида ишлайди.
Биоинформатика эса компьютер ёрдамида генетик маълумотларни таҳлил қилиб, янги дори воситаларини яратиш ва касалликларнинг сабабларини ўрганишга ёрдам беради. Қайта тикланувчи энергия муҳандиси қуёш панеллари ва шамол электр станцияларини лойиҳалайди, қуради ва уларнинг самарали ишлашини таъминлайди. Мамлакатимизда “яшил” энергия улуши изчил оширилаётган бир пайтда бу касб энг истиқболли йўналишлардан бирига айланмоқда.
– Креатив иқтисодиёт ҳақида гаплашдик. Ижодга мойил, расм чизиш, мусиқа ёки ҳикоя яратишни яхши кўрадиган ёшлар рақамли даврда қандай касбларни эгаллаши мумкин?
– Ижодкор ёшлар учун имконият ҳар қачонгидан кўп. Илгари рассом ёки мусиқачи ўз ижодини фақат кўргазма ёки концерт орқали кўрсата олган бўлса, бугун рақамли платформалар уни бутун дунёга олиб чиқади. Ўйин дизайнери ва дастурчиси – креатив индустриянинг энг даромадли йўналишларидан бири. Ўйин яратиш учун ссенарийнавис, рассом, бастакор, дастурчи ва дизайнер бирга ишлайди. Тасаввур қилинг, Алпомиш ёки Амир Темур даври ҳақидаги қизиқарли компьютер ўйини миллий тарихимизни дунё ёшларига танитиши мумкин. Бу ҳам иқтисодий фойда, ҳам маданий тарғибот. 3D моделлаштириш, виртуал ва тўлдирилган реаллик дизайнери (ВР/АР) рақамли оламда уч ўлчамли объектлар ва муҳит яратади. Бу технология ёрдамида, масалан, Самарқанд ёки Бухоро ёдгорликлари бўйлаб виртуал саёҳат қилиш, музей экспонатларини телефон экранида жонлантириш ёки меъморий лойиҳани қурилишдан олдин “ичидан” кўриш мумкин.
– Сиз ўзингиз ҳуқуқ соҳаси вакилисиз. Демак, бугунги юрист ҳам IT соҳасини тушуниши шартми? Кодекс ва қонунлар билан ишлайдиган мутахассис учун технология қанчалик зарур?
– Албатта, шарт. Лекин бу ҳар бир юрист дастурлашни билиши керак дегани эмас. Замонавий юрист электрон шартнома қандай ишлашини, рақамли далил нима эканини, шахсга доир маълумотларни қандай ҳимоя қилиш кераклигини, онлайн платформалар қандай фаолият юритишини ва сунъий интеллект қандай ҳуқуқий хавфлар туғдиришини тушуниши керак. Бугун низоларнинг катта қисми рақамли муҳитда юзага келмоқда: интернет орқали фирибгарлик, онлайн савдодаги алдов, ижтимоий тармоқда шаънни камситиш, маълумотларнинг сизиб чиқиши. Буларни технологияни тушунмайдиган юрист самарали ҳал қила олмайди.
Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Қонун ва сунъий интеллектга оид янги нормалар бир-бири билан чамбарчас боғланиб бормоқда. Президентимизнинг нутқида бешинчи миллий дастур доирасида кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чораларини янада кучайтириш вазифаси қўйилгани ҳам бундай мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганидан далолат беради. Шу боис биз университетимизда ҳуқуқ ва технологияларни уйғунлаштирган ҳолда кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан университетимизда алоҳида “Рақамли ҳуқуқ” (Digital Law) халқаро таълим йўналиши жорий этилди. Бунда “Рақамли ҳуқуқ” таълим йўналишига ўқишга қабул қилиш танловлари халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда шунга ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ИҚ тест ўтказиш тартибида ҳамда танловда Б2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши ва ўқув жараёни инглиз тилида олиб борилиши тартиби белгилаб берилди.
Тошкент давлат юридик университети 2026/2027-ўқув йилида бу таълим йўналишига 60 дан талаблар белгиланган синовлардан ўтиб ўқишга қабул қилинди.
– Суҳбатимиз сўнгида ёшларимизга мурожаат қилсангиз. Бугун мактаб партасида ёки талабалик аудиториясида ўтирган йигит-қизлар нималарни ўрганиши керакки, беш ёки ўн йилдан кейин ҳам меҳнат бозорида талабгир бўлсин?
– Мен ёшларни фақат битта дастур ёки битта технологияни ўрганиш билан чекланмасликка чақирган бўлардим. Чунки бугун оммабоп бўлган технология беш йилдан кейин бутунлай ўзгариши мумкин. Ўн йил олдин кўпчилик ҳозирги сунъий интеллект имкониятларини тасаввур ҳам қила олмасди. Энг муҳими – танқидий фикрлаш, ахборотни текшириш, муаммони таҳлил қилиш, рақамли саводхонлик, хорижий тиллар, мулоқот қилиш ва доимий равишда янги билимларни ўзлаштириш қобилиятини ривожлантиришдир.
Бундан ташқари, сунъий интеллектдан фойдаланишда ҳуқуқий ва ахлоқий чегараларни билиш ҳам муҳим. Сунъий интеллект берган ҳар бир жавобни кўр-кўрона қабул қилмаслик, уни текшириш ва ўз фикр-мулоҳазаси билан бойитиш керак. Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Президентимиз ўзбек тили рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тилга айланиши лозимлигини таъкидлади. Бу бевосита бугунги ёшларнинг вазифасидир. Ўзбек тилида сифатли рақамли контент, таълимий ресурслар ва сунъий интеллект ечимлари яратиш ҳам келажакнинг муҳим касбларидан бирига айланади.
Менимча, келажак мутахассиси ҳамма нарсани ёддан биладиган инсон эмас. Келажак мутахассиси – янги билимни тез ўзлаштира оладиган, технологиядан онгли фойдаланадиган ва унинг натижаси учун масъулиятни тушунадиган инсондир. Технология инсоннинг ўрнини эгаллаши эмас, унинг имкониятларини кенгайтириши керак. Бунинг учун эса технологик тараққиёт билан бир қаторда ҳуқуқ, таълим ва рақамли маданият ҳам ривожланиб бориши зарур. Шундагина Президентимиз белгилаган 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш марраси тўлиқ рўёбга чиқади.
Гулноза Бобоева,ЎзА