Асоссиз ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида яшовчи фуқаро Л.Ражаббоевага янги сотиб олган, бироқ қурувчининг айби билан ҳалигача фойдаланишга топширилмаган турар жой учун “Коммунал иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллион 746 минг 930 сўм асоссиз қарздорлик юкланган.
Бундан норози бўлган фуқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Элликқалъа тумани бўлимига мурожаат қилган. Ўтказилган ўрганиш натижасида фуқаро ва корхона ўртасида ҳеч қандай шартнома тузилмаганлиги, турар жой тайёр бўлмаганлиги сабабли хонадон эгаларининг шу кунгача янги манзилга кўчиб ўтмаганлиги аниқланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Элликқалъа тумани бўлими раҳбари томонидан “Коммунал иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамиятига хат юборилди. Натижада истеъмолчининг ҳуқуқлари тушунтирилди ва асоссиз ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири