Аскарлар ватанга қасамёд қилди
Тантанали марш садолари остида майдонга жанговар байроқ олиб кирилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида жорий йил муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган минг нафарга яқин ёшлар мана шундай синовли дамларда юртимизни кўз қорачиғидек асрашни, уни ҳимоя қилишни аҳд қилиб, Ватанга қасамёд қабул қилди.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими вакиллари иштирок этди.
Тантанали марш садолари остида майдонга жанговар байроқ олиб кирилди.
Шундан сўнг янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар карантин қоидалари ва тартибларига риоя этган ҳолда она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга ваъда бериб, «Ватанга қасамёд» матни бўйича содиқликка онт ичди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари янгради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг аскарларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда карантин қоидалари кучайтирилгани сабабли тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмади. Аммо, ҳарбий округ қўмондонлигининг ташаббуси билан тадбирда ўғлонларнинг қасамёд қабул қилиш жараёни акс этган фотосурат ҳамда видеолавҳалар ҳар бир ота-онага электрон шаклда мессенжерлар орқали юборилиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг аскарларга совғаси сифатида тақдим этилган «Ўзбекистон тарихи» ва «Темур тузуклари» китоблари уларга ўзгача қувонч бағишлади. Ҳар бир аскарга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг йўллаган номма-ном табрикномаси, йигит киши ҳаётида бир маротаба бўладиган Ватанга қасамёд маросими ҳақида илиқ таассуротларнинг бир умрга муҳрланишини таъминлади.

Тадбир давомида яқиндагина Қуролли Кучлар сафига келган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол билан кўргазмали саф ва қўл жангининг мураккаб элементларидан иборат бўлган чиқишлар, ўқотар қуролларни кўзи боғлиқ ҳолда нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича машқлар намойиш этилди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан миллий куй ва қўшиқлар тантанага байрамона руҳ бағишлади.
