Аскарлар – театрнинг шарафли меҳмони
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизони ҳарбий қисмларидан бирининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бўлдилар. Бу ҳақда ушбу тузилма матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмаси аъзолари сафидаги театр жамоаси ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини янада бойитишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Кейинги икки йил мобайнида театр билан ижодий ҳамкорлик кенг йўлга қўйилди. Ўзбек ва қорақалпоқ тилларида саҳналаштирилаётган спектаклларнинг томошабинлари орасида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари сафи кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари билан ижодий учрашувлар мунтазам ташкил этилиб, улар билан йирик спектакллар муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.
Бу каби тадбирларнинг самарали натижаси ўлароқ, ҳарбийларнинг маънавий дунёси тобора бойимоқда. Бадиий-эстетик диди янада чархланиб, театр санъатига меҳри янада ортмоқда.
Театр жамоаси ва аскарлар суҳбати самимий руҳда кечди. Ижодкорларнинг жонли ижродаги қўшиқлар гулдастаси ҳарбийларга чинакам байрамона туҳфа бўлди.

– Қуролли Кучларимизда бугун Алпомиш, Едигей сингари мард ва жасур йигитлар хизмат қилмоқда, – деди театр директори Асан оға Ниетуллаев. – Барваста, келишган йигитларнинг ҳарбий либослари ўзларига жуда ярашган. Бугунги кутилмаган ташриф эса бизларни жуда қувонтирди. Эҳтиромдан бошимиз кўкка етди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округи билан ҳамкорликни янада кучайтиришни кўзламоқдамиз. Саҳна орқали қорақалпоқ театри, афсона ва ривоятлари, нодир асарлари билан танитиб бориш бизлар учун бурч ва шарафдир.
Мазмунли суҳбатдан сўнг аскарлар салкам юз йиллик тарихга эга театр ҳақида сўзловчи музей билан танишдилар.
Н.Усмонова,
ЎзА