Аскарлар ҳарбий хизматга жўнатилди
Эсимда, бола эдим. Бобомникида амакиларимдан бирини ҳарбий хизматга жўнатиш мароми мотамдек ўтганди. Бувим йиғлай-йиғлай охири тақдирига кўниб, иккита нонни олиб чиқиб, амакимга тишлатиб қолганди. Бугун эса йигитларни ҳарбий хизматга жўнатиш маросимларини ота-оналар байрамдек ўтказишмоқда. Фарзандларини тантана билан армияга жўнатишмоқда. Албатта бу юртимиздаги тинчликнинг натижасидан. Энди оналар бувим каби юм-юм йиғлашмайди, балки ўғлининг ҳарбий хизматга кетишидан фахрланишади.
Бугун Қашқадарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктининг саф майдони ҳам бир-биридан жасур ўғлонлар билан тўлди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтган йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали равишда кузатилди.
Ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони, нуронийлар ва муддатли ҳарбий хизматга кетувчиларнинг яқинлари иштирок этиб, бўлғуси аскарларни Ватан ҳимояси йўлида собитқадамликка чақирди ва муваффақиятлар тилади.
– Ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигитнинг шарафли бурчи саналади, – дейди Касби туманилик муддатли ҳарбий хизматчи Суҳроб Яҳёев. – Келгусида ўз йигитлик бурчимни астойдил адо этиб, имтиёзли тавсияномани олиб, олий таълим муассасасида ўқишни мақсад қилганман.
Муддатли ҳарбий хизматга кетувчиларни кузатиш маросими байрам тадбирига айланиб кетди. Ҳарбий оркестр ва эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари барчани хушнуд этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири