Аскарлар Амир Темур майдонида қасамёд қилди
Самарқандда жорий йилги чақирув мавсумида Миллий гвардия қўшинлари таркибига муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган аскарларнинг “Ватанга қасамёд қабул қилиш” маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ҳайкали ўрнатилган майдонда ўтказилди.
Маросимда аскарлар ва уларнинг ота-оналари билан бирга Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик вакиллари, фахрийлар кенгаши аъзолари иштирок этди.

Тадбир аввалида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ҳарбий хизмат шарафли ва масъулиятли бурч бўлиши билан бирга юрт тинчлиги ҳамда халқ осойишталигини таъминлаш ҳар бир йигитнинг муқаддас вазифаси экани қайд этилди.

Тантанали тадбирда ёш аскарлар Ватанга содиқ хизмат қилиш, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунларга қатъий риоя этишга қасамёд қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА