Ашхободда МДҲ Иқтисодий кенгашининг 111-йиғилиши ўтказилмоқда
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий кенгашининг 111-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
МДҲ Ижроия қўмитаси маълумотига кўра, йиғилиш кун тартибидан Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 28 та масала ўрин олган. Уларнинг 12 тасини кейинчалик МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши кўриб чиқиши режалаштирилган.
Хусусан, 2026–2030 йилларда МДҲ давлатлари ҳудудида халқаро ташувларни амалга оширишда транспорт хавфсизлигини таъминлаш стратегиясини рўёбга чиқариш бўйича чора-тадбирлар режаси, юқори технологияли саноат тармоқлари учун истиқболли материаллар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш масалалари кун тартибига киритилган. Шунингдек, қатор соҳавий ҳамкорлик органларининг ҳисоботлари ҳамда молиявий масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
МДҲ Бош котиби Сергей Лебедевнинг маълум қилишича, йиғилишга киритилган масалалар бўйича дастлабки муҳокамаларда томонлар ўртасида келишувга эришилган. Қабул қилинадиган қарорлар МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Маматов, ЎзА