Асад Асил ва Сойим Исҳоқ 80 ёшда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Асад Асил ва Сойим Исҳоқ таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Асад Асилнинг “Парвоз", Сойим Исҳоқнинг "Она йўлбарс ҳамласи" насрий китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ижодкорларнинг яқин қариндошлари, шогирдлари ва яқин дўстлари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид китоб муаллифларини янги китоб ҳамда таваллудининг 80 йиллиги билан қутлади.
Асад Асил “Парвоз” китобининг яратилиши ҳақида ўқувчига маълум бўлмаган воқеалар ҳақида сўзлаб берди. У ижодининг қарийб 30 йилдан зиёдини Сидқий Хандақлиқийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишлаган. Ёзувчи қутлуғ ёш остонасида “Парвоз” номли биографик характерга эга асар яратди.

Тадбирда чинакам маънода ўз фаолияти билан замонамиз қаҳрамонига айланган Сойим Исҳоқнинг ижодий фаолияти ҳақида ҳам илиқ фикрлар тингланди. Ёзувчи Сойим Исҳоқнинг дастлабки йирик асари дунё юзини кўрганига қарийб ярим асрдан ошди. Ёзувчининг ҳар гал янги асари нашрдан чиқиши билан адабиёт ихлосмандлари орасида илиқ муҳокама ва олқишларга сазовор бўлади.

Сойим Исҳоқнинг «Она йўлбарс ҳамласи» қиссасида акс этган миллий урф-одатларимиз ҳамда аёл зотининг фавқулодда жасоратга бағишланган асари адабиётшунос, ёзувчи ва ижодкорларимизни қизиқтириши шубҳасиз.
Тақдимот сўнггида ушбу ижодкорларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи ҳамда пул мукофоти топширилди.

Мухлиса Аъзамова,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси