Архив соҳасида халқаро ҳамкорликлар кенгаймоқда
“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев иштирокида “Ўзархив” агентлигида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда “Ўзархив” агентлигининг 2026 йилнинг 9 ойи давомида халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширган асосий ишлари ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида халқаро ҳамкорлик хорижий архив муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон тарихига оид янги архив манбаларини аниқлаш, уларнинг нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш, реставрация ва консервация қилиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш, шунингдек, замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини соҳага жорий этиш каби муҳим йўналишларни қамраб олди.
2026 йил давомида “Ўзархив” агентлиги ва тизим ташкилотлари вакиллари АҚШ, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро анжуманлар, конгресслар ва илмий-амалий тадбирларда қатнашди. Беларусь, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ташкилотлари томонидан ўтказилган қатор халқаро конференцияларда эса Ўзбекистон архивчилари онлайн шаклда маърузалар билан иштирок этдилар.
Ташриф давомида “FamilySearch International”, АҚШ Юта штати давлат архиви ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказилди. “MyHeritage” ва “Ancestry” ташкилотларининг генеалогик тадқиқотларда ДНК маълумотларидан фойдаланиш тажрибаси, шунингдек, АҚШ архивларида ҳужжатларни сақлаш, ҳисобга олиш ва рақамлаштириш амалиёти ўрганилди.
Яна бир муҳим йўналиш шундаки, хорижий архивлардан Ўзбекистон тарихига оид янги ҳужжатларни аниқлаш ва мамлакатимизга олиб келиш бўлди. 2026 йил 19–23 апрель кунлари Татаристан Республикаси Архив иши бўйича Давлат қўмитаси делегациясининг Бухорога ташрифи давомида икки томон учун муҳим тарихий ҳужжатлар алмашилди. Татаристан давлат архивлари томонидан Ўзбекистонга жами 836 кадр архив материалларининг электрон нусхалари тақдим этилди. Улар савдо-иқтисодий, маданий ва илмий-маърифий алоқаларга оид тарихий манбаларни ўз ичига олади. Ушбу материаллар Ўзбекистон миллий архивлари давлат сақловига қабул қилинди.
Ўзбекистон тарихига оид ҳужжатларни хорижий архивлардан излаб топиш бўйича энг салмоқли натижалардан бири Германияда қайд этилди. Ўзбекистон Миллий архиви мутахассислари 2026 йил 15 июлдан 1 августга қадар Берлин шаҳридаги Германия Федерал архиви, Германия Ташқи ишлар вазирлиги архиви ва Пруссия маданий мероси давлат архивида илмий изланишлар олиб бордилар. Натижада Ўзбекистон тарихининг XIX аср охири — XX асрларга оид 1000 дан ортиқ кадр ҳужжатлари аниқланди ва уларнинг электрон нусхалари юртимизга олиб келинди.
Халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижаси — янги ҳамкорлик ҳужжатларининг имзоланганидир.
2026 йил 8 июнь куни “Ўзархив” агентлиги ва Қозоғистон Республикаси Президенти архиви ўртасида архив иши соҳасида англашув меморандуми имзоланди.
30 август куни Тошкент шаҳрида “Ўзархив” агентлиги билан Ҳиндистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий архив ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
14 сентябрь куни Сеул шаҳрида эса “Ўзархив” агентлиги ва Корея Республикаси Миллий архиви ўртасида архив иши ва ҳужжатларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланди.
Шу тариқа, ҳисобот даврида Қозоғистон, Ҳиндистон ва Корея Республикаси архив муассасалари билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
2026 йилнинг 9 ойи давомида хорижий мутахассислар ва делегацияларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳам фаол ташкил этилди.
АҚШнинг “FamilySearch International”, Франциянинг INA ва “DUALEST”, Германиянинг “SMA Electronic Document GmbH”, Австрия Фанлар академияси Фоноархиви, Уммон Султонлиги Ҳужжат ва архивлар бошқармаси, шунингдек, бошқа хорижий ташкилотлар вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказилди. Мазкур учрашувларда архив ҳужжатларини рақамлаштириш, реставрация ва консервация қилиш, аудиовизуал меросни сақлаш, генеалогик тадқиқотлар ва янги технологияларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект йўналишидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
2026 йил 20–25 сентябрь кунлари “FamilySearch International” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида архив ҳужжатларини рақамлаштириш, генеалогик тадқиқотлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон миллий архивлари раҳбар ва ходимлари учун “Ottoman Project” лойиҳасига бағишланган семинар ташкил этилиб, Чиғатой туркий тилидаги ҳужжатлар билан ишлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятлари амалий мисоллар асосида намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон архивлари халқаро илмий ва профессионал майдонларда ўз тажрибасини ҳам фаол намойиш этди.
Қозоғистонда ўтказилган “Digital Archive EXPO” III Архивчиларнинг халқаро конгрессида “Ўзбекистон архивларининг рақамли экотизими: инфратузилма, сунъий интеллект ва давлат хизматлари”, шунингдек, кинофотофоноҳужжатлар порталига бағишланган маъруза ва тренинглар ўтказилди. Халқаро архивлар кенгаши президенти ва Марказий Осиё давлатлари архив хизматлари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди.
Хорижий тадқиқотчиларнинг Ўзбекистон архивларидан фойдаланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилнинг 9 ойи давомида Канада, АҚШ, Япония, Германия, Нидерландия, Буюк Британия, Эстония, Польша, Туркия, Исроил Давлати, Россия Федерацияси, Украина, Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғиз республикаларидан бўлган жами 79 нафар тадқиқотчига Ўзбекистон миллий ва ҳудудий давлат архивларининг ўқув залларидан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсат берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА