Арнасойда чорвачилик ривожланмоқда
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар янги босқичга кўтарилмоқда. Буни “Оқбулоқ” СИУ ҳудудидаги “Океан агро” МЧЖга қарашли ер майдонида барпо этилаётган наслли чорвачилик мажмуаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Туман ҳокими Одил Мусанов мазкур лойиҳа билан танишар экан, унинг амалга оширилиши, чорва парвариши учун шароитларни яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Лойиҳа ташаббускори Бобур маҳалласида яшовчи тадбиркор Абдуазиз Бекмуродов. Унинг фаолиятида эътиборга молик жиҳат бор: ишни ўз хонадонида бир бош наслли қорамол парваришлашдан бошлаган тадбиркор бугун чорвачиликни кенгайтириб, ихтисослашган мажмуа ташкил этишга киришди. Бу тажриба кичик ташаббус, изчил меҳнат ва мақсад сари интилиш орқали истиқболли лойиҳага айланиши мумкинлигини кўрсатади.

Арнасойдаги ўзгаришлар фақат битта хўжалик билан чекланмайди. Туманда наслли қорамол парваришига қизиқиш ортиб, чорва учун мустаҳкам озуқа базасини яратишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Агар 2024 йилда 600 тонна силос тайёрланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 6 минг тоннага етди. Аҳоли хонадонларидаги наслли қорамоллар сони 33 бошдан 600 бошга, чорвачилик билан шуғулланувчи хонадонлар сони эса 16 тадан 400 тага кўпайди.

Бу рақамлар соҳадаги ўсиш кўламини кўрсатиш билан бирга, чорвачиликни ривожлантиришда озуқа таъминоти ва аҳоли ташаббусларининг ўзаро боғлиқлигини ҳам намоён этади. Чунки наслли мол парвариши фақат чорва сонини кўпайтиришдан иборат эмас. У мунтазам озиқлантириш, ветеринария хизмати, наслни яхшилаш ва маҳсулдорликни оширишни талаб қилади. Шу мақсадда туманда сунъий уруғлантириш орқали қорамоллар наслини яхшилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Бу йўналишда давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 августдаги “Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида наслчилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш механизмлари белгиланган. Жумладан, 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар белгиланган шартлар асосида наслчилик хўжаликларига айрим харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш назарда тутилган. Қарорда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлардаги амалий ижроси соҳадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Арнасойдаги янги мажмуа ҳам ана шу мақсадлар – наслли чорвачиликни кенгайтириш, парваришлаш шароитларини яхшилаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш билан ҳамоҳанг. Энг муҳими, хонадонда бошланган меҳнатнинг йирикроқ лойиҳага айланиши бошқа ташаббускорлар учун ҳам ибратдир. Бундай саъй-ҳаракатлар изчил давом этса, чорва маҳсулдорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва туман иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири