Армондан ҳақиқатгача: Ўзбекистон тиббиётидаги янги эра ва шифокор шаънининг тикланиши
Шифокорлик – шунчаки касб ёки кундалик юмуш эмас, балки кеча-ю кундуз бедорликни, ўзгалар дардини ўз танасида ҳис қилишни талаб этадиган буюк қисматдир. Бу – инсон ҳаёти ва тақдири учун масъулиятни чин юракдан ҳис этиш демак. Бироқ яқин ўтмишда тиббиётимиз жуда оғир кунларни бошдан кечирди: моддий-техник базанинг эскиргани, шифокорлар обрўси ва маошининг пастлиги, дори-дармон ҳамда замонавий жиҳозлар тақчиллиги қўл-оёғимизни боғлаб қўйган эди. Табиб бўла туриб, оддий ускуналар йўқлиги сабабли беморга замонавий даво чораларини қўллай олмаслик ва унинг аҳволи оғирлашаётганини ожизлик билан кузатиш – шифокор учун бу дунёдаги энг катта изтиробдир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон тиббиётида юз берган тизимли ўзгаришлар, давлат сиёсатининг марказига “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоянинг қўйилиши соҳа вакилларини нафақат қувонтирди, балки қалбимизда тиббиёт келажагига бўлган ишончни қайта алангалатди.

Масалан, яқингача оддий қон таҳлили топшириш ёки кардиограмма қилдириш учун чекка қишлоқлардан туман марказига, баъзан эса вилоят шифохонасига бориш керак эди. Бу бемор учун ҳам вақт, ҳам маблағ, ҳам соғлиқ йўқотиш дегани эди. Охирги йилларда ислоҳотлар энг аввало бирламчи тиббий-санитария ёрдамига, яъни тиббиётнинг пойдеворига қаратилди.
Олис маҳаллаларда, овулларда замонавий оилавий шифокорлик пунктлари ташкил этилди. Эндиликда “қишлоқ шифокори” тушунчаси янгича маъно касб этди. Илгари биз бемор шифохонага келгандагина у билан шуғулланардик. Бугун эса тиббиёт ходимларининг ўзлари хонадонларга кириб бормоқда. Скрининг текширувлари, касалликларни эрта босқичда аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида қандли диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликларни бошланғич давридаёқ жиловлаш имконияти пайдо бўлди.
Оилавий поликлиникалар орқали аҳоли, айниқса, сурункали касаллиги бор беморларга бепул дори-дармонлар тарқатиш тизими йўлга қўйилди. Бу кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар учун жуда катта ижтимоий кўмакдир. Соҳа вакили сифатида айта оламанки, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал. Маҳалла даражасидаги профилактика ишлари кучайтирилгани ўзбек тиббиётининг энг тўғри ва тарихий қадамларидан бири бўлди.

Шу билан бирга, яқин-яқингача мураккаб жарроҳлик амалиётлари бўлган очиқ юракда операция қилиш, буйрак ёки жигар кўчириш каби юқори технологик муолажалар фақат Тошкент шаҳрида ёки чет эллардагина амалга оширилар эди. Чекка вилоятдаги оддий оила учун бундай операцияларни молиявий жиҳатдан кўтариш имконсиз эди.
Бугун-чи? Бугун юртимизда тиббиётнинг децентрализация жараёни, яъни марказдан ҳудудларга кўчиши шиддат билан бормоқда. Ҳозирги кунда Нукус, Андижон, Самарқанд, Бухоро ва бошқа вилоят марказларидаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида маҳаллий шифокорларимиз томонидан буйрак кўчириш амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда. Юрак аортасини шунтлаш, нейрохирургик нозик операциялар вилоят даражасида кундалик ишга айланди.
Бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимига триллионлаб маблағлар йўналтирилди. Шифохоналаримиз энг замонавий МРТ, МСКТ, ангиограф ускуналари билан жиҳозланди. Илгари фақат китобларда ўқиганимиз, хориж клиникаларида кўриб ҳавас қилганимиз технологиялар бугун ўзимизнинг шифохоналаримизда ишламоқда. Энг муҳими, бу орқали минглаб ватандошларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинмоқда, уларнинг ўз юртида, ортиқча сарсонгарчиликсиз шифо топиши таъминланмоқда.
Тез ёрдам тизимидаги ўзгаришларни алоҳида тилга олиш лозим. Олдинлари тез ёрдам машиналари ёнилғи йўқлиги ёки машиналарнинг эскириб кетгани сабабли беморларга ўз вақтида етиб бора олмас эди. Охирги йилларда республика тез тиббий ёрдам тизими тубдан ислоҳ қилинди. Биринчи навбатда, эскириб кетган автомашиналар ўрнига замонавий, барча қулайлик ва реанимацион ускуналарга эга бўлган Volkswagen, Ford, Toyota каби хориж машиналари тизимга олиб кирилди. Республика бўйича тез ёрдамни бошқаришнинг марказлашган тизими ягона Call-марказлар яратилди. Рақамлаштириш туфайли чақирувлар сониялар ичида қабул қилиниб, беморга энг яқин бўлган экипаж йўналтириладиган бўлди.
Шифокорнинг кайфияти ва ижтимоий таъминоти – бу бемор соғлиғининг гаровидир. Сабаби, рўзғоридан, иқтисодий муаммолардан боши чиқмаган шифокордан тўлақонли фидойиликни талаб қилиб бўлмас эди. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга жуда катта эътибор қаратилди. Шифокорлар ва ҳамшираларнинг маошлари босқичма-босқич ошириб борилди. Айниқса, юқори технологик операцияларни амалга оширувчи, илмий даражага эга бўлган ҳамда чекка ҳудудларга бориб ишлаётган тиббиёт ходимлари учун алоҳида устамалар белгиланди.
Шу билан бирга, минглаб ёш шифокорларимиз давлат ҳисобидан Германия, Туркия, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатларнинг нуфузли клиникаларида малака ошириб қайтмоқдалар. Улар олиб келган билим ва инновациялар бугун ўз шифохоналаримизда татбиқ этилмоқда. Шифокорларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди. Қисқа қилиб айтганда оқ халат кийган инсоннинг жамиятдаги обрўйи, шаъни ва қадр-қиммати қонун даражасида ҳимоя қилинмоқда.
Қолаверса, соҳада коррупцияга чек қўйиш, шаффофликни таъминлаш ва маблағларнинг аниқ беморга йўналтирилишини йўлга қўйиш мақсадида тизимга Давлат тиббий суғуртаси механизмлари киритилмоқда. Сирдарё вилоятида бошланган ушбу тажриба босқичма-босқич бутун республикага ёйилмоқда. Тиббий суғурта пулнинг бемор ортидан боришини таъминлайди. Ҳар бир фуқаронинг соғлиғи давлат кафолати остида бўлади, бепул даволаниш учун “ордер” тизими шаффофлашади. Рақамли тиббиёт, “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт” тизимларининг жорий этилиши шифокорларни ортиқча қоғозбозликдан халос қилиб, бор эътиборини беморга қаратишига замин яратди.
Яна бир муҳим жиҳат Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйи арафасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони юртимизда инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ислоҳотларни бутунлай янги, сифат жиҳатидан юксак босқичга олиб чиқди. Ушбу тарихий ҳужжат билан тизимга илк бор Клиник аудит инспекцияси, Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Контент медиа маркази каби замонавий тузилмаларнинг киритилиши соғлиқни сақлаш бошқарувини тўлиқ рақамлаштириш, очиқлик ва халқаро стандартлар асосида қайта қуришга хизмат қилади.
Энг муҳими, соҳа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шароитларининг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги даражасига тенглаштирилиши шифокорлар меҳнатига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тантаналари билан бир пайтда ҳаётимизга кириб келаётган бу янгиланишлар соғлиқни сақлаш тизимини сифат ва бемор хавфсизлиги устувор бўлган халқчил тизимга айлантиришнинг мустаҳкам кафолатидир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА