Ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 90 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 90 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан миллий армиянинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Андижон шаҳрининг Гумбаз ва Қўшариқ даҳаларида қурилиб, фойдаланишга топширилган 90 хонадондан иборат икки ва уч хонали шинам уйлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард 240 миллион сўм бўлган ушбу замонавий уйлар Андижон шаҳридаги “Радиус-сервис”, “Самандар шижоат”, “Андижон қишлоқ қурилиш” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Янги уйларга кўчиб кирган оилалардан бири Улуғнор тумани, Мингбулоқ қишлоғидан бўлган Улуғбек Бобожонов оиласидир. У кўп йиллардан буён ҳарбий хизматда. Турли йилларда Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида хизматда бўлди. Ҳозирда эса Қорақалпоғистон Республикасида ҳарбий хизматни ўтамоқда. Янги уй берилганлигидан у ва турмуш ўртоғи Маҳбубахон Бобожонованинг қувончи чексиз.
– Оиламиз учун 3 хонали янги уй ажратилганидан беҳад хурсандмиз, – дейди майор Улуғбек Бобожонов. – Уч нафар фарзандимиз бор. Бу йилги Мустақиллик байрами оиламиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Юртбошимизнинг, ҳукуматимизнинг ҳарбийларга, уларнинг оилаларига кўрсатаётган бу каби эътиборидан миннатдормиз. Энди мени уй-жой қилиш муаммоси ташвишлантирмайди. Қаерда бўлмай Ватанимиз сарҳадлари мудофааси, халқимиз тинчилиги учун бор куч-ғайратим билан хизмат қиламан.
Барпо этилган янги уйларнинг кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун барча зарур шароит яратилган. Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уйлар олдида болалар майдончаси, суҳбатгоҳлар барпо этилганлиги ҳам аҳолига катта қулайлик яратади.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ш.Абдураҳмонов, Мудофаа вазири ўринбосари, полковник А.Норбоев, Шарқий ҳарбий округ қўмондони, полковник Л.Бузруков иштирок этди.