АҚШнинг космосдаги янги қуроли нимаси билан хавфли?
АҚШ Ер орбитасига ҳарбий қурол жойлаштирганини маълум қилгач, бу қандай қурилма экани ва коинотдаги кучлар нисбатига қай даражада таъсир қилиши ҳақида саволлар пайдо бўлди. Ҳарбий-ҳаво кучлари котиби Трой Майнк қурол орбитада жойлашганини тасдиқлаган, бироқ аслаҳанинг имконияти ва қачон орбитага чиқарилганини очиқламаган.
Буюк Британиядаги Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқоти институти эксперти Бледдин Боуэн эҳтимолий тахминлар орасида сунъий йўлдош алоқасини издан чиқарувчи электрон кураш ёки радио тўсқинлик қурилмасини тилга олса-да, аниқ хулоса учун маълумот етарли эмаслигини айтди.
Фазода ҳарбий технологиядан фойдаланиш янги ҳодиса эмас: Собиқ Совет Иттифоқи ўтган аср 60-йиллари охирида бошқа сунъий йўлдошларни йўқ қилишга мўлжалланган қурилмаларни синовдан ўтказган. Бугун АҚШ, Россия, Хитой ва Ҳиндистон турли хил йўлдошга қарши ёки “контр-космик” воситалар ишлаб чиққан. Жумладан, сунъий йўлдошга яқинлашиш, қурилмани тутиб олиш ёки орбитасини ўзгартириш имконини берувчи технология мавжуд. Мутахассислар айрим шундай мосламалар урушда нишонни бевосита йўқ қилиши мумкинлиги, баъзилари эса алоқа тизимини ишдан чиқариш билан чекланишини таъкидламоқда.
Коинотдаги ҳарбий рақобат билан боғлиқ яна бир жиддий муаммо – орбитада қоладиган чиқинди. 2007 йил Хитой ўтказган сунъий йўлдошга қарши ракета синови натижасида ҳосил бўлган, ҳануз орбитада қолаётган чиқиндининг ҳатто жуда кичик парчаси ҳам юқори тезлиги туфайли ҳар қандай объектга жиддий зарар етказиши мумкинлиги қайд этилган. Экспертлар АҚШнинг сўнгги эълонини сезиларли техник бурилишдан кўра, Хитойнинг космик салоҳияти ўсиб боришига жавобан берилган сиёсий огоҳлик қўнғироғи сифатида баҳоламоқда.
Умуман, Россиянинг Ердан учириладиган сунъий йўлдошга қарши ракеталари, Хитойнинг “коинотга ташувчи” технологияси ва АҚШнинг янги қурилмаси каби воситалар фазони тобора муҳим ҳарбий рақобат майдонига айлантираётгани кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА