АҚШда яшаб ҳам Ватанга хизмат қилиш мумкин
ВАТАНДОШЛАРИнсон Ватандан узоқлашган сари унинг қадрини, тарихини ва тақдирини янада теранроқ англар экан. Масофа баъзан кўз илғамаган ҳақиқатларни кўрсатади, кундалик ҳаётда оддий туюлган қадриятларни эса юракка янада яқинлаштиради. Оилам билан Америкада яшаётганимга анча йиллар бўлди.
Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонлар билан мулоқот қиламан. Турли миллатлар, тиллар, маданиятлар ва тарихлар бир маконда уйғунлашган. Шу муҳитда яшаб, бир ҳақиқатни янада теранроқ англадим: миллатнинг энг катта бойлиги унинг ҳудуди ёки моддий неъматларида эмас, балки асрлар синовидан ўтган бой тарихи, миллий хотираси, тили, қадриятлари ва ўзлигини англашидадир.
Шу кунларда Нью-Йорк шаҳри ва Американинг бир қатор штатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз, ўзбек диаспораси вакиллари орасида кўтаринки кайфият ҳукм сурмоқда. Бунинг сабаби, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, давлат ва жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Миллат шавкати» китоби тақдимоти бўлиб ўтганидир. Фахр билан айта оламанки, бу оддий китоб тақдимоти эмас, балки ватандошларни бир манзилга чорлаган, дийдор улашган ва барчамизни муштарак фикр ҳамда туйғулар атрофида жамлаган маънавий мулоқот майдонига айланди.
Фикримни муаллиф ҳақидаги бир эътирофдан бошламоқчиман. Давлат раҳбари ҳақида ёзишнинг ўзи катта жасорат ва жиддий тайёргарликни талаб қилади. Зеро, раҳбарнинг ҳаёт йўли, фаолияти, шахс сифатида шаклланиши, дунёқараши ва мураккаб вазиятларда қарор қабул қилиш маҳоратини холис ва асосли ёритиш осон эмас. Қудратилла Рафиқов бу мураккаб вазифани тарихий воқеалар, сиёсий жараёнлар, шахсий кузатувлар ва таҳлилий мулоҳазалар уйғунлигида ёритишга ҳаракат қилган. Асарни ўқир экансиз, у фақат бир шахснинг сиёсий портретини яратиш билан чекланмаганини англайсиз. Давлат раҳбари ҳақида сўз юритиш, айни пайтда, муайян давр, жамият ва миллат ҳаётида кечаётган ўзгаришларни таҳлил қилиш ҳамдир. Шу нуқтаи назардан, «Миллат шавкати» мамлакатимиз тараққиётининг муҳим босқичлари, жамиятдаги ўзгаришлар ва миллий тафаккурда кечаётган жараёнларни англашга хизмат қилади.
Мен учун «Миллат шавкати» аввало, Ватан ҳақидаги китобдир. Унинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон ҳудуди билангина чекланмайди. Дунёнинг қайси бурчагида — Тошкентдами, Самарқанддами, Нью-Йоркдами ёки Вашингтондами яшашимиздан қатъи назар, ўзини шу халқ ва шу тарихнинг бир бўлаги деб ҳис қиладиган ҳар бир инсон ушбу асардан ўзига яқин, уни ўйлантирадиган ва руҳлантирадиган фикрларни топиши мумкин.
Китобни ўқир эканман, унинг номи устида ҳам ўйладим: «Миллат шавкати» ўзи ким? Албатта, асарда Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиймоси, унинг халқ ва Ватанга муносабати, мамлакатда кечаётган янгиланишлар билан уйғун талқин этилади. Ўзбекистоннинг ички тараққиёти, дунёга очилиши ва ташқи муносабатларидаги ўзгаришлар бугунги даврнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Фикримча, «миллат шавкати» тушунчасини фақат бир шахс билан чеклаб бўлмайди. Мен учун миллат шавкати — халқнинг ўзлигини англаши, тарихини қадрлаши, бугунини яратиши ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишидир. Миллатнинг қудрати фақат буюк аждодлари билан эмас, балки бугунги авлодининг қандай яшаши, қандай меҳнат қилиши, қандай илм олиши ва дунёга қандай юз билан чиқиши билан ҳам белгиланади.
Муҳтарам Президентимизнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатини хориждан туриб кузатаётган инсон сифатида шуни аниқ айта оламанки, бу сиёсатнинг халқимиз ҳаёти ва мамлакатимиз тараққиётига нечоғлик манфаатли бўлаётганини кўриб турибмиз. Шу маънода, Ватанимизнинг дунёга очилиши, хорижий давлатлар билан очиқ ва конструктив муносабатларнинг кенгайиши биз учун улкан имкониятлар эшигини очаётганини алоҳида эътироф этмасдан бўлмайди. Китобдаги «Уйғонаётган арслон», «Кутиб ол, дунё...», «Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат», «Миллат шавкати» каби мақолаларда Ўзбекистоннинг кечаги ва бугунги куни, миллий хотира, тарихий ўзлик, Янги Ўзбекистоннинг дунёга очилиши, Марказий Осиё халқларининг муштараклиги ҳақида теран фикрлар илгари сурилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари сиёсий мулоқотдан тортиб иқтисодиёт, инвестиция, таълим, технология, энергетика, авиация ва инновация каби кўплаб соҳаларга қадар кенгайиб, янги мазмун касб этмоқда. Бу муносабатларнинг сиёсий аҳамияти ҳам тобора ортиб бормоқда. 2025 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги мулоқотда икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Америка стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Томонлар мулоқотни очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтказгани қайд этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Президент Дональд Трамп Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни, иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Бу — Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолатдир.
2025 йил ноябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи эса бу муносабатларнинг амалий мазмунини яна бир бор намоён этди. Ўзбекистон Президенти Оқ уйда Дональд Трамп билан музокара ўтказди, шунингдек, АҚШнинг сиёсий доиралари ва йирик компаниялари вакиллари билан учрашди. Ташриф якунида стратегик шерикликни янада ривожлантириш, амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Президентлар ўртасидаги илиқ ва ҳурматга асосланган мулоқот ҳам алоҳида аҳамиятга эга. 2025 йил декабрь ойидаги телефон суҳбатида Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбари ва халқини Янги йил билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилади. Шу мулоқотда икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклиги истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.
Менимча, бугун Америкада «Миллат шавкати» китобини тақдим этишнинг яна бир муҳим жиҳати айнан шунда. Биз ўз тарихимиз, миллий ўзлигимиз ва Ватанимиз ҳақида сўз юритаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг АҚШ билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Демак, Америкада яшаётган ўзбеклар учун Ватан билан алоқани сақлаш энди фақат тарихий хотира масаласи эмас. Бу икки мамлакат ўртасидаги тобора кенгайиб бораётган инсонлар, билимлар, ғоялар ва имкониятлар кўпригига ҳам айланмоқда. Бугун Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар янги босқичда ривожланиб бораётган бир пайтда, икки давлат ва хорижда яшаётган ўзбеклар ўртасидаги маънавий ва маданий алоқалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Америкада яшаётган юртдошларимиз нафақат ўз меҳнати ва ютуқлари билан, балки миллийлигини асраб-авайлаши, Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаши орқали ҳам Ўзбекистоннинг хориждаги тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун Марказий Осиё давлатлари гўё бир мушт бўлиб, эзгу мақсадлар ва яхши ниятлар билан олдинга қадам ташлаётгани қувонарли. Бу жараёнда, шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутмоқда.
«Миллат шавкати» китобининг АҚШдаги тақдимотлари давомида биз, айниқса, ёшларга алоҳида эътибор қаратдик. Негаки, бугун Америкада ўзбекларнинг янги авлоди вояга етмоқда. Улар орасида Ўзбекистонда туғилиб, кейинчалик Америкада таълим олганлар ҳам, шу юртда туғилиб ўсган иккинчи авлод вакиллари ҳам бор. Бугун улар Нью-Йорк ва бошқа штатлардаги мактаб, коллеж ҳамда дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. Улар орасида фан, тиббиёт, ҳуқуқ, технология, спорт ва бошқа соҳаларда катта натижаларга эришаётган ёшлар кўпаймоқда.
Бу биз учун катта имконият. Чунки бугунги ёшлар эртага нафақат ўз касбининг етук мутахассиси, балки жамиятда муҳим ўрин тутадиган олим, шифокор, ҳуқуқшунос, спортчи, тадбиркор ва давлат арбоби бўлиб етишиши мумкин. Шунинг учун уларга бир ҳақиқатни англатиш жуда муҳим: қаерда яшамасин, қайси тилда таълим олмасин, қайси давлат фуқароси бўлиб шаклланмасин, инсон ўзининг кимлигини, қайси миллат фарзанди эканини ва қайси замин унинг тарихий Ватани эканини унутмаслиги керак.
Америкада яшаётган юртдошларимиз орасида бундай ибратли мисоллар кўп. Масалан, биргина ватандошимиз Озод ака Солиевнинг қизи тиббиёт соҳасида фан доктори даражасига эришди. Ёки спортда Хорун Аматжонов каби ёшларимиз Америка мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон номи ва байроғини муносиб тарзда юксакка кўтармоқда. Шахмат, фан олимпиадалари ва бошқа йўналишларда ҳам ўзбек ёшларининг ютуқлари кўпайиб бормоқда.
Бугун Америкада таҳсил олаётган ўзбек ёшларининг бир қисми эртага Ўзбекистонга қайтиб, ўз билими ва салоҳиятини мамлакат тараққиётига бағишлаши мумкин. Энг муҳими, бугун Америкада ўсиб-улғаяётган иккинчи авлод эртага фарзандли бўлади. Уларнинг фарзандлари эса ўзбекларнинг учинчи авлоди сифатида шаклланади. Балки улар орасида келажакда сенатор, Конгресс аъзоси, судья, прокурор, олим, шифокор ёки йирик компания раҳбарлари етишиб чиқар. Шундай экан, бугун биз учун энг муҳим вазифалардан бири ана шу авлодларнинг ўз тарихидан, миллий ўзлигидан ва Ватанидан узилиб қолишига йўл қўймасликдир.
Менимча, «Миллат шавкати» китобининг аҳамияти ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Китоб хорижда яшаётган ўзбек ёшларига «Сен кимсан?», «Сенинг тарихий илдизларинг қаерда?», «Миллатинг ва Ватанинг олдида қандай масъулиятинг бор?» деган саволларни қалбан ҳис қилишга ёрдам беради. Айниқса, ўзбек тили муҳитидан узоқроқда яшайдиган ёшлар учун бу каби китоблар миллий тил ва миллий тафаккур билан қайта боғланишнинг муҳим воситаси бўлиши мумкин. Шу маънода, «Миллат шавкати» фақат ўтмиш ҳақидаги китоб эмас, балки бугунги авлодни эртанги кун билан боғлайдиган маънавий кўприкдир.
Китобда сўнгги йилларда Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар, Янги Ўзбекистон ғояси, мамлакатнинг бугунги тараққиёт йўли ва келажак мақсадлари ҳақида сўз юритилиши ҳам бежиз эмас. Янги Ўзбекистон ўз-ўзидан пайдо бўлган тушунча эмас. Унинг замирида тарихий хотира, миллий ўзлик, янгиланишга интилиш ва келажак учун масъулият бор. Ана шу масъулиятни хориждаги ёшларимиз ҳам ҳис қилиши керак.
Айнан шу нуқтада спортнинг ўрнига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Нега спорт? Чунки спорт инсонни тарбиялайдиган, ирода ва интизомни шакллантирадиган, қийинчиликларга бардош беришга ва ғалаба учун курашишга ўргатадиган катта мактабдир. Аммо спортнинг аҳамияти бундан ҳам кенгроқ. У халқлар ва авлодлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлашнинг таъсирчан воситаларидан биридир. Биз Турон ҳақида гапирар эканмиз, уни фақат ўтмиш билан боғлаб қўймаслигимиз керак. Туроннинг тарихи буюк бўлгани каби, унинг келажаги ҳам, аввало, ёшлар билан боғлиқ. Ёшлар эса бир-бирини таълим, маданият ва спорт орқали энг яхши танийди.
Спорт майдонида инсоннинг миллати, тили ёки қаердан келганидан кўра унинг меҳнати, маҳорати ва иродаси муҳим бўлади. Бир майдонда беллашган икки ёш аввало рақиб бўлиши мумкин, аммо мусобақадан сўнг улар дўст, ҳамкор ва бир-бирининг маданиятини англаган инсонларга айланади.
Бу ерда спортнинг ўрни беқиёс. Спорт — миллатни бирлаштирадиган, ёшларни тарбиялайдиган ва мамлакатни дунёга танитадиган кучли восита. Айниқса, миллий спорт турларимизни хорижда оммалаштириш орқали ёшларда миллий ғурур ва Ватанга дахлдорлик туйғусини шакллантириш мумкин.
Турон ғояси ҳам ана шу нуқтада ўз мазмунига эга бўлади. Турли давлатларда яшаётган, турли тилларда сўзлашаётган ёшларни умумий тарих, маданият, миллий қадриятлар ва спорт орқали бирлаштириш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
«Миллат шавкати» китобида тараққиётнинг тамал тоши илм-фан, таълим ва тарбия экани таъкидланади. Фикримча, спорт ҳам ана шу тарбиянинг муҳим таркибий қисмидир. Бугун бизга нафақат билимли, балки иродали, интизомли, жасур, мақсад сари қатъият билан интиладиган ва ўз миллати билан фахрланадиган ёшлар керак. Шу маънода, Халқаро Турон Федерацияси учун спорт шунчаки мусобақалар ташкил этишдан иборат эмас. Бу — ёшларни бирлаштириш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, умумий тарихга эга халқларнинг бугунги авлодини бир-бирига яқинлаштириш ва халқаро ҳамкорлик учун янги майдон яратиш имкониятидир.
Бу борада 2025 йил Турон яккакураши тарихида муҳим босқич бўлди. Ўзбекистоннинг миллий спорт тури — Турон яккакураши бўйича халқаро бошқарув органи — International Turon Federation (Халқаро Турон Федерацияси) АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилди. Федерациянинг айнан Америка Қўшма Штатларида ташкил этилгани миллий спортимизнинг халқаро майдонга чиқиши билан бир қаторда, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатлар доирасида спорт дипломатиясини ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар очди.
Турли мамлакатлар вакилларининг бир майдонда жам бўлиши Турон яккакурашини халқаро спорт ҳаракати сифатида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу — миллий спортимизга ва уни халқаро майдонда ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга берилган юқори эътибор ва баҳодир. Зеро, бугун миллий спорт турларини дунёга танитиш нафақат спортчиларнинг маҳоратини намойиш этиш, балки мамлакатнинг тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини халқаро майдонда тарғиб қилишнинг ҳам самарали усулидир.
Айни пайтда Халқаро Турон Федерацияси турли қитъаларда миллий федерацияларни шакллантириш, халқаро мусобақалар ўтказиш, спортчилар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, Турон яккакурашини кенг тарғиб қилишга қаратилган ишларни изчил давом эттирмоқда.
Бугун Америкада ўзбек ёшларининг фан, таълим ва спортдаги ютуқларини кўриб, бир нарсага ишонч ҳосил қиласан: агар уларнинг қалбида Ватан туйғуси, миллатга дахлдорлик ҳисси мустаҳкам бўлса, улар қаерда яшашидан қатъи назар, Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Шу маънода, «Миллат шавкати» нафақат бугунги авлод, балки эртанги — учинчи, тўртинчи авлод ўзбеклари учун ҳам муҳим маънавий манба бўлиши мумкин. Зеро, уйғонаётган миллатнинг энг катта кучи — ўзлигини англаган, тарихини билган ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилган авлоддир.
Бугун дунёнинг турли бурчакларида яшаётган ўзбеклар қалбида уйғонаётган миллий ғурурни «уйғонаётган арслон» тимсоли билан ифодалаш мумкин. Арслон қаерда бўлмасин, ўзининг кимлигини унутмайди. Миллат ҳам дунё саҳнасида ўз ўрнини топиши учун аввало ўзлигини англаши керак.
Бу жараёнда хорижда яшаётган ватандошларимизнинг ҳам ўрни ва ҳиссаси катта. Биз Америкада туриб ҳам Ватанимиз билан боғлиқ эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз, ёш спортчиларимиз учун янги имкониятлар яратишимиз, уларнинг ютуқларини дунёга танитишимиз ва Ўзбекистоннинг миллий спорт турларини халқаро майдонда муносиб тарғиб этишга ҳисса қўшишимиз мумкин.
Бу борада давлатимиз раҳбарияти ва юрт тараққиётини ўйлайдиган барча инсонларнинг таклиф ва ташаббусларини жон қулоғимиз билан эшитишга, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Шахсан ўзим ҳам юртим равнақи ва ёшларимиз келажаги учун барча имконият ва салоҳиятимни ишга солишга тайёрман.
Китобда таъкидланганидек: «Миллатнинг улғайиши учун ҳар биримиз дахлдормиз». Мен бу фикрни спорт соҳасига ҳам тўлиқ татбиқ этган бўлардим. Зеро, спорт нафақат соғлом авлод тарбияси, балки миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва юрт шаънини дунёга намоён этишнинг муҳим воситасидир.
Бугун «Миллат шавкати» китобини Америкада тақдим этаётганимизнинг ўзи ҳам мен учун катта рамзий маънога эга. Сабаби биз дунёнинг энг йирик маданий ва сиёсий марказларидан бирида туриб, ўз тарихимиз, ўзлигимиз ва ўз Ватанимиз ҳақида сўзлаяпмиз. Шу маънода, китобдаги бир фикрни яна бир бор такрорлашни истардим: «Миллатнинг улғайиши учун ҳар биримиз дахлдормиз».
Менимча, бугунги учрашувнинг, бугунги китоб тақдимотининг ва умуман, хориждаги ҳар бир ватандошимизнинг фаолиятидаги энг муҳим маънавий сабоқ ҳам шу. Биз тарихдан куч олишимиз, бугунни қадрлашимиз ва келажакни биргаликда қуришимиз керак. Дунё Ўзбекистонни фақат буюк тарихи билан эмас, бугунги салоҳияти, илмли ва жасур ёшлари, кучли спорти, бой маданияти, тадбиркорлари ва дунёга очиқ янги авлоди билан ҳам таниши керак. Бу вазифа фақат юртда яшаётганлар зиммасида эмас, хориждаги ҳар бир ватандошнинг ҳам бу жараёнда ўз ўрни бор.
Шу маънода, «Миллат шавкати» китобининг Нью-Йорк ва Американинг бир қатор штатларидаги тақдимотлари биз учун оддий маданий тадбир эмас, қалбларни Ватан билан яна бир бор боғлаган унутилмас воқелик бўлди. Тақдимотда иштирок этган ҳар бир ватандошнинг көнглида илиқлик уйғонди, Ватан соғинчи бир муддат бўлса-да босилди. Самимий суҳбатлар, фикр ва мулоҳазалар, янги-янги таклифлар билан бирга, келгусидаги учрашувларимиз ва эзгу ташаббусларимиз учун мустаҳкам замин яратилди.
Энг муҳими, ушбу учрашувлар бизнинг орзу ва мақсадларимиз кўламини янада кенгайтирди. Орзуларимиз масштабини минг карра ошириб, Ватан учун янада катта ишлар қилишга ишонч ва руҳ бағишлади. Биз яна бир бор англадикки, дунёнинг қайси нуқтасида яшамайлик, Ватан тақдири, миллат келажаги ва ёшларимиз камолига дахлдормиз.
Ана шундай маънавий уйғониш, бирдамлик ва эзгу мақсадларга ундайдиган асар дунёга келгани учун «Миллат шавкати» муаллифига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Бу китоб биз учун катта янгилик, муҳим маънавий воқелик ва келгуси эзгу ишларимизга куч бағишлайдиган манба бўлди. Миллат тақдири барчамизнинг умумий масъулиятимиз, «Миллат шавкати» ҳам ана шу умумий масъулиятдан бошланади.
Фаррух НИЯЗИМБЕТОВ,
Халқаро Турон Федерацияси президенти.
АҚШ, Нью-Йорк шаҳри.
ЎзА