АҚШда машҳурлар бўронга “қалқон” бўлмоқда
Қўлингни бер, халқим!
Супер мусиқа юлдузлари “Хелен” ва ҳозир ҳам давом этаётган “Милтон” тўфонлари оқибатини бартараф этишга ҳисса қўшмоқда. Тейлор Свифт жабрланганларга ёрдам бериш учун 5 миллион, Долли Партон эса 1 миллион доллар ажратди.
Маълумки, ой бошида “Хелен” тўфони АҚШ жануби-шарқий штатларига ёпирилиб, Жоржия, Флорида, Шимолий Каролинада кўплаб ҳудудларни вайрон қилди. Юзлаб инсонлар ҳаётига нуқта қўйган довул ортидан кўпчилик бедарак йўқолди.

Кеча Флорида штатида бошланган “Милтон” ҳодисасини эсаПрезидент Жо Байден “аср бўрони” дея таърифлади.
“Американи озиқлантириш” нотижорат ташкилоти Тейлор Свифт “биноларни қайта қуриш ва тиклашга ёрдам бериш, ушбу ҳалокатли бўронлардан жабрланган одамларни зарур озиқ-овқат, тоза сув ва буюм билан таъминлаш” учун 5 миллион доллар ажратганини маълум қилди.
Баёнот шундай давом этади:
– Биз биргаликда оилаларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, улар муаммолар қаршисида ёлғиз қолмайди. Очликни тугатиш, қийинчиликни енгиш ҳаракатида биз билан бирга бўлганингиз ва муҳтож жамоаларга ёрдам берганингиз учун раҳмат, Тейлор!

1 миллион доллар эҳсонидан ташқари, Партон ўтган ҳафта “Dollywood Parks & Resorts”, “The Dollywood Foundation”, “Dolly Parton's Stampede” ва “Pirates Voyage” компаниялари билан бирга Аппалачиан минтақасида сув тошқини оқибатини бартараф этиш учун “Wallmart” корпорацияси билан ҳамкорлик ўрнатганини эълон қилди.
Қўшиқчи Морган Уоллен ҳам чоршанба куни Теннесси штати Ноксвилл шаҳри аҳолисини қўллаш учун Америка Қизил Хоч жамиятига 500 000 доллар хайрия қилди. Металлика рок афсонаси, шунингдек, “All In My Hands”жамғармаси ҳам “World Central Kitchen” ва “Team Rubicon” орқали ҳар бири учун 50 000 доллардан кечди.

Метеорологлар тахминига кўра, Милтон Флорида тарихида қайд этилган энг ҳалокатли тўфонлардан бири бўлиши мумкин. “Хелен” эса сўнгги 50 йил ичида АҚШ материгига 20 йил аввалги“Катрина” бўронидан кейин келган энг ҳалокатли офат сифатида баҳоланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА