АҚШ “янги ядровий давр”га қадам ташламоқда
Американинг ядровий энергияга эга “USS Gerald R. Ford” авиаташувчиси ҳарбий базалар ва инфратузилмани таъминлаш учун сузувчи электр станцияси сифатида ишлатилиши мумкин. “The National Interest” нашри тарқатган хабарда шундай дейилган.
АҚШ денгиз флоти шу ёз Норфолк базасида ўтказишни режалаштирган синов давомида мазкур авиаташувчи қирғоқ инфратузилмасини электр билан таъминлайди.
“USS Gerald R. Ford” икки A1B ядро реактори билан жиҳозланган бўлиб, олдинги авлодга нисбатан анча кўп энергия ишлаб чиқаришга қодир. Агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, шунга ўхшаш тизим бошқа қурилмаларда ҳам жорий этилиши мумкин.
Мутахассислар ҳарбий кемани электр тармоғига улаш жуда мураккаб вазифа эканини таъкидламоқда. Кема тизими турли частота ва кучланишда ишлайди. Шунинг учун фуқаролик инфратузилмаси билан интеграция махсус ускуна ва ҳимоя тизимини талаб қилади.
Дарвоқе, Вашингтонда самолёт ташувчи кемалардан қувват манбаи сифатида, ишдан чиққан кема реакторидан эса маълумот маркази ва сунъий интеллект объектини энергия билан таъминлаш учун қайта фойдаланиш ҳам муҳокама қилиняпти.
С.Раҳимов, ЎзА