АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳарбий куч тафовути қисқармоқда
Австралиянинг Лоуи институти ҳисоботига кўра, АҚШнинг Хитойдан ҳарбий салоҳият ва Осиёдаги умумий таъсири бўйича устунлиги 2018 йилдан кейинги энг паст кўрсаткичга тушган.
Қўшма Штатлар умумий рейтингда 100 баллик меъёр бўйича 78,9 балл билан биринчи ўринни сақлаб қолди, Хитой эса 73,6 балл билан иккинчи ўринни эгаллади. Орадаги 5,3 балл фарқ тадқиқот бошлангандан буён энг кам. Ҳарбий салоҳият бўйича АҚШ 87,4 балл, Хитой эса 72,1 балл тўплади.
– 2026 йил февраль ойида бошланган АҚШ – Эрон уруши туфайли узоқ масофага учадиган ракета захираси тугаб, Американинг ҳарбий имкониятини заифлаштирди, – дейилган баёнотда.
Шунингдек, муаллифлар захира Яқин Шарққа кўчирилиши АҚШ эътиборини Осиёдан чалғитгани, Хитой эса армиясини модернизация қилишда давом этгани ва минтақа бўйлаб дипломатик алоқани мустаҳкамлаганига урғу берган.
АҚШнинг дипломатик таъсир кўрсаткичи олти балл камайиб, 76,7 га тушди. Бу индекс тарихидаги кетма-кет тўртинчи йил кузатилган ва энг кескин пасайиш. Хитой айни кўрсаткич бўйича 98,4 балл билан биринчи ўринга кўтарилган, АҚШ эса Япониядан кейин учинчи ўринни банд этган.
Лоуи институти Осиё Кучлари индексини 2018 йилдан бери тузиб келади. Тадқиқотчилар 27 мамлакат ва ҳудуднинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги воқеаларга таъсир кўрсатиш қобилиятини баҳолайди. Рўйхатда ҳарбий ва иқтисодий салоҳият, мудофаа алоқаси ва дипломатик таъсир каби 131 кўрсаткич ҳисобга олинади.
С.Раҳимов, ЎзА