АҚШ тарифи ва хитойлик рақобатчилар “Mercedes-Benz” даромадига салбий таъсир кўрсатмоқда
“Mercedes-Benz” Германиядаги заводларига янги инвестиция вақтинча тўхтатиб турилишини эълон қилди. Шунингдек, компания корхоналарини ёпиш ва ишлаб чиқаришни чет элга кўчириш имкониятини батафсилроқ ўрганиш ниятида.
Бунинг сабаби касаба уюшмалари билан харажатни камайтириш бўйича узоқ давом этган музокарада, дейилган хабарда. Бинобарин, бу борада раҳбарият ва ходимлар вакиллари ҳозирча келишувга эриша олмаган.
Раҳбарият ходимлардан бир хил маош эвазига кўпроқ соат ишлашни талаб қилмоқда. Хусусан, иш ҳафтасини ҳозирги 35 соатдан ошириш муҳокама қилиняпти. Бундан ташқари компания Рождество ва бошқа байрам мукофотлари каби қўшимча имтиёзларни камайтирмоқчи.
Маълумотга кўра, Германия ишлаб чиқариш корхоналарида иш соати учун харажат Шарқий Европадаги заводларга қараганда беш баробар юқори бўлиши мумкин.
“Mercedes-Benz” қисқартиришга эҳтиёжни савдо ва фойда камайиши, юқори ишлаб чиқариш харажати, АҚШ тарифи ва асосан хитойлик автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан рақобат кучайтирилиши билан боғлаган.
С.Раҳимов, ЎзА