АҚШ Сенати делегацияси Самарқандда
Юртимизда меҳмон бўлиб турган АҚШ Сенатининг Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга келди.
Меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.
Делегация аъзолари дастлаб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, буюк жаҳонгир ва темурийларнинг давлатчилик тарихи ҳамда амалга оширган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди. Темурийлардан мерос тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш борасидаги ишларга юқори баҳо берилди.
[gallery-31218]
Шундан сўнг меҳмонлар дунёга машҳур Регистон майдонида бўлиб, бу ердаги мадрасаларнинг яратилиш тарихи ва бугунги ҳолати билан яқиндан танишди. Айни пайтда мазкур масканнинг туристик салоҳияти ва унинг жозибадорлигини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, бу ерда ўтказилаётган маданий тадбирлар тўғрисида гапириб берилди.
Сенатор Стив Дэйнс бошчилигидаги делегация Самарқанднинг бошқа тарихий ёдгорликлари ва диққатга сазовор масканларида ҳам бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари