АҚШ Россия газини Европага қайтармоқчи (+видео)
АҚШ Россия табиий газини Украина ҳудуди орқали Европа бозорига етказиб берилишини қайта тиклаш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри Америка, Европа ва Украина расмийларига таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф сентябрь ойида Москва ҳамда Киевга ташрифи давомида ушбу таклифни муҳокама қилган. Режага мувофиқ, РФ гази америкалик воситачи орқали сотилиши керак. Шу тариқа Европа санкцияни четлаб ўтиши, америкалик сармоядорлар учун янги имконият яратилиши кўзда тутилган.
Вашингтон ушбу ташаббусни Москва ва Киев ўртасида энергетика мажмуаларига ўзаро ҳужумни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш жараёнининг бир қисми сифатида кўряпти. Маъмурият рус гази кўҳна қитъа бозорига қайтиши энергетика сулҳига рози бўлиши учун Владимир Путинга қўшимча рағбат бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Украина эса газ транзитидан даромад олиш имконига эга бўлади.
Америка томони Россия газини сотишдан тушадиган маблағни учинчи давлат юрисдикциясидаги махсус ҳисоб рақамига ўтказиш таклифини ҳам киритган. Шу йўл билан пул ҳарбий мақсадда ишлатилишини чеклаш режалаштирилган.
Бинобарин, мазкур лойиҳа Европада жиддий қаршиликка учради. ЕИ амалдаги қонунчилигига мувофиқ, РФ гази импортидан 2027 йил охиригача босқичма-босқич воз кечиш белгиланган. Қитъа етакчилари ҳам рус энергетика манбаларига яна қарам бўлиш нияти йўқлигини бир неча бор билдирган.
Россия газининг Европа истеъмолидаги улуши Украина урушидан олдинги 45 фоиздан ҳозир тахминан 11 фоизга тушган. Айни пайт қитъа газ истеъмолининг қарийб 30 фоизи АҚШдан келаётган суюлтирилган табиий газ ҳиссасига тўғри келади.
Умуман, Вашингтон ташаббуси шунчаки энергетика соҳасидаги иқтисодий манфаат эмас, балки Россия ва Украина ўртасидаги музокарага ижобий таъсир этадиган муҳим сиёсий восита сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин. Фақат ЕИнинг рус газидан воз кечиш сиёсати ушбу режа амалга ошишини қийинлаштиряпти.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА