АҚШ Гренландиядаги ҳарбий базаларини қайта тиклайди
АҚШ, Дания ва Гренландия вакиллари Нью-Йоркда ўтказилаётган БМТ Бош Ассамблеяси доирасида янги уч томонлама келишув имзолайди. Манбалар маълумотига кўра, Вашингтон улкан орол-давлат жанубидаги Нарсарсуак ҳудудида Совуқ уруш даврига мансуб ҳарбий базани қайта тиклаш ва шарқий соҳилдаги Местерсвиг манзилида янги база барпо этишни режалаштирган.
“Reuters” ёзишича, ўтган аср 50-йилларида ёпилган “Bluie West One” базасида аҳоли сони кескин камайиб, бир неча ўн киши қолган, иккинчи маскандан ҳозир Дания махсус кучларига қарашли “Сириус” чана-қўриқлов тузилмаси фойдаланиб келмоқда.
Ҳозирги келишув Президент Дональд Трамп Дания ва Гренландияга ўтказган бир неча ойлик босимдан сўнг амалга ошмоқда. У орол устидан назорат ўрнатиш истагини бир неча бор таъкидлаб, ҳатто бунинг учун ҳарбий ёки иқтисодий куч ишлатиш эҳтимоли ҳам инкор этилмаслигини айтган. Бундай баёнотлар НАТО ичида дипломатик инқироз чиқариб, Дания ва Гренландияни Вашингтон билан музокара олиб боришга мажбур қилди. Сўровномалар эса Гренландия аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бу ғояга қаршилигини кўрсатган.
Қироллик томони фикрича, мазкур битим Арктика хавфсизлигини фақат АҚШ ва Дания эмас, балки бутун НАТО назорати остига ўтказишга хизмат қилади. Оқ уй вакили келишув тафсилотига изоҳ беришдан бош тортиб, мазкур ҳужжат Гренландия ва АҚШ хавфсизлигини таъминлашига урғу берди.
Совуқ уруш даврида Гренландияда АҚШнинг 17 ҳарбий объекти, 10 000 дан кўп аскари бор эди. Ҳозир бу ерда 150 нафар ҳарбий хизматчига эга Питуффик фазовий қўналғаси фаолият юритмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА