АҚШ энг йирик нефть экспортчисига айланди
“Reuters” хабар беришича, Америка Қўшма Штатлари жиддий геосиёсий воқеалар асносида дунё миқёсида етакчи нефть экспортчисига айланди. 2026 йил февраль ойидан бери Саудия Арабистонининг хом нефть экспорти Эрон билан уруш туфайли тўхтаб қолди, Россия таъминоти эса мунтазам равишда Украина дрони ҳужуми ва зиддият таъсири ўлароқ, ғарб томонидан жорий этилган санкциядан азият чекмоқда.
Май ойида АҚШнинг хом нефть ва ёнилғи экспорти кунига 10,5 миллион баррель ошди. Бунга юқори ички ишлаб чиқариш ва стратегик захира назоратдан чиқарилиши сабаб бўлди. Шундай қилиб, Қўшма Штатлар кетма-кет учинчи ой дунёдаги энг йирик етказиб берувчи мақомини сақлаб турибди.
Май ойида Россия экспорти кунига 7 миллион, Саудия кўрсаткичи эса 5,9 миллион баррелни ташкил этди.

Қолаверса, АҚШ денгиз қамали ОРЕС ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳам қора олтин ишлаб чиқариш суръатига таъсир кўрсатмоқда. Масалан, тузилманинг май ойида нефть қазиб олиш миқдори йигирма йилдан кўп вақт ичидаги энг паст даражани қайд этди. 11 мамлакатни бирлаштирган ташкилот доирасида ишлаб чиқариш ойма-ой кунига 1 миллион баррель камайиб борди ва кунига 16 миллион баррелга тушиб қолди. Бу камида 2000 йилдан бери энг паст ойлик кўрсаткич бўлиб, 2020 йил COVID-19 пандемияси даврида кузатилган даражадан ҳам анча кам.
АҚШ қамали таъсири Эронда акс-садо берди. Яъни, ўтган ой мамлакатда нефть ишлаб чиқариш жуда пасайди. Маълумотда келтирилишича, Ислом Республикасининг хом нефть ва аралашма экспорти камида олти йиллик энг қуйи даражани кўрсатди.
Саудияда ҳам нефть ишлаб чиқариш камаймоқда. Шу билан бирга Ироқ ички истеъмолни кўпайтириш орқали ишлаб чиқаришни кучайтиришга муваффақ бўлган.
Қора олтин қазиб олиш бўйича дунёда биринчи бўлиш Вашингтонга ҳам иттифоқчилар, ҳам рақиблар билан музокарада устунлик беради. Таъкидланишича, хом ашё дипломатиясига дахлдор янги восита АҚШнинг глобал ҳарбий устунлиги ва молиявий бозордаги ҳукмронлигини тўлдиради. Табиийки, айни ҳолат долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги ўрнини ҳам мустаҳкамлайди.
С.Раҳимов, ЎзА