Ақлли метеостанциялар ўрнатилмоқда
Тошкентдаги Инҳа университети олимлари атроф-муҳитни онлайн-мониторинг қилиш ва турли параметрларини таҳлил қиладиган технологияни тақдим этишди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, олимлар тақдим этган «OXUS-2» ақлли метеостанция метео маълумотларни автоматик режимда тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилиш имконини беради. У ҳавонинг нисбий намлиги, ҳарорати ва ифлослик даражаси, шамол тезлиги ва йўналиши, атмосфера босими, ер намлиги ва бошқа маълумотларни қайд этиб боради.
Олимлар метеостанциянинг фаолияти ва ишончлиги ҳақида қайғуриш билан бирга, уни экологик бўлишига ҳам эътибор қаратишган. Ишланма қуёш энергияси асосида ишлайди, бу уни энг чекка жойларда ҳам ўрнатиш имконини беради. Айни дамда, олинган барча маълумотлар виртуал булутли муҳитга юклаб борилади. Фермерлар бунинг ёрдамида исталган пайтда барча керакли маълумотларни онлайн режимда олишлари мумкин бўлади.
«OXUS-2» технологияларининг қўлланиши агрономларнинг ишини осонлаштиради ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларнинг кундалик вазифаларини самарали бажаришга, танланган ер участкасида касалликлар ва зарарли ҳашаротларнинг тарқалишини прогнозлашга ёрдам беради.
Айни пайтда маҳаллий намунадаги 6 та агрометеостанциялар ўрнатилди, жорий йил охирига қадар Фарғона водийсидаги фермерлар учун яна 9 та ана шундай агрометеостанцияни ўрнатиш режалаштирилган.
Роман БОНДАРЧУК , ЎзА