"Ақлли" ҳисоблагичлар: муаммо ва ечим
Навоий шаҳридаги “Coworкing” марказида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан “Газ таъминоти тизимида олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар: эришилаётган ютуқлар ва истеъмолчилар учун яратилаётган қулайликлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида табиий газ истеъмолчилари сони 166 мингдан зиёдроқни ташкил этиб, уларнинг 58 мингтаси кўп қаватли уйларда, қарийиб 108 мингтаси ҳовли турар-жойларда истиқомат қилади. Айни вақтгача 112 минг 869 та истеъмолчига "ақлли" ҳисоблагич ўрнатилди.
– Табиий газ таъминотида жорий этилган янги автоматлаштирилган тизимга асосан “ақлли” ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатиб бўлинган ҳудудларда газ таъминоти икки босқичлига ўтказилмоқда, – деди филиал бош муҳандиси Баҳриддин Худоёров. – Тизимнинг афзаллиги шундаки, табиий газ истеъмолчилар хонадонларига бир маромда етказилади ва ортиқча йўқотишларнинг олди олинади. 2021 йилда вилоят бўйича 617 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиб олинган. Жумладан, Навоий шаҳрида 3 та, Кармана туманида 5 та, Хатирчи туманида 10 та ва Қизилтепа туманида 11 та жами 29 та маҳаллада истиқомат қилувчи 96 минг 466 та хонадоннинг газ таъминоти тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказилган.
[gallery-6840]
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, вилоятда табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларда истиқомат қилувчи 100 минг нафардан ортиқ аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Жумладан, 93 минг 205 та истеъмолчига шартнома асосида маиший газ баллонлари етказиб берилса, 6 минг 850 та истеъмолчи Учқудуқ шаҳридаги газ қувурлари орқали суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилнинг айни вақтига қадар вилоят истеъмолчиларига қарийиб 4596 тонна суюлтирилган газ етказилган.
– Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш заводларидан 6 дона “МАN” русумли махсус автотранспорт воситалари орқали ташиб келтирилади, – дейди Б.Худоёров. – Уларни қабул қилиш ва маиший газ баллонларига тўлдириб бериш 4 та газ тўлдириш шохобчаси ва 1 та газ тўлдириш станцияси орқали амалга оширилади. Маиший газ баллонларини газ тўлдириш шохобчаларидан аҳоли хонадонларига етказиб бериш учун шаҳар ва туман газ филиалларида 24 дона “ISUZU” русумли махсус автотранспорт воситаси мавжуд.
Таъкидлаш ўринлики, газ таъминоти тизимининг суюлтирилган газ йўналишига рақамли иқтисодиётнинг кириб келиши иш унумдорлигининг ошишига олиб келди. Суюлтирилган газ таъминотида автоматлаштирилган тизим жорий этилгач, ҳудудларда аҳолига газ тарқатадиган масъул шахсларнинг таъминот хариди учун истеъмолчидан нақд пул қабул қилишига чек қўйилди. Маиший газ баллонларига махсус кодли стикерлар ўрнатилиб, истеъмолчиларга ID-карта тақдим қилинмоқда.
Белгиланган меъёр бўйича ҳар бир истеъмолчига газ баллон камида бир ойда узоғи 40-45 кун оралиғида етказилмоқда. Абонентларга берилган ID-карталар “Е-Gaz” онлайн тизимига уланган бўлиб, истеъмолчи бир ой тўлмасдан туриб янги газ баллон олиш имконига эга эмас. Яъни, ID-картада барча маълумотлар жойланган бўлиб, истеъмолчининг охирги марта қачон газ баллон билан таъминланганлиги “Е-Gaz” онлайн тизимида кўриниб туради.
Матбуот анжуманида Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Вилоятда 22 та маҳалла ва қишлоқ дастурга киритилган бўлиб, 24,5 километр узунликдаги газ тармоқларини жорий таъмирлаш 41 дона газ тақсимлаш пунктларини жорий таъмирлаш, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота, Томди, Учқудуқ ва Хатирчи туманларининг 11 та маҳалласига қўшимча 82 дона маиший газ баллонлари етказиб бериш режалаштирилган. Шу кунга қадар, Зарафшон шаҳар, Кармана, Қизилтепа, Хатирчи туманларида жами 3 километр газ қувури таъмирланиб, бўёқлаш ишлари олиб борилди. Кармана ва Қизилтепада 2 дона газ тақсимлаш қурилмаси жорий таъмирланди. Шунингдек, Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи туманларининг рўйхатга янги киритилган истеъмолчиларига 6 дона маиший газ баллон етказиб берилди.
Коррупция жамият ривожидаги иллат. Бугунги кунда бу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг қуйи тизим корхоналарида ҳам бу борада 2020 йилда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлимлари ташкил этилди.
– Ўтган давр мобайнида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар (туман) ишчи-ходимларининг ўз хизмат фаолиятларини лозим даражада олиб бормаганликлари ва уларнинг хатти-ҳаракатларида коррупция аломатларини аниқлаш мақсадида 76 та хизмат текширувлари ўтказилиб, 79 та маълумот тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинди, – дейди бўлим бошлиғи Акмал Очилов. – Шунингдек, тизимдаги 52 нафар ходимга нисбатан турли даражада интизомий чора кўрилди. Жумладан, уларнинг 9 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, 35 нафарига “ҳайфсан”, 8 нафарига иш ҳақидан тегишли тартибда ушлаб қолиш чоралари белгиланган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов, (сурат), ЎзА.