“Apiteks” маҳсулотлари импорт ўрнини босмоқда
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг энг муҳим манбаидир.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг энг муҳим манбаидир. Мамлакатимизда бу борада тўпланган тажриба иқтисодиётнинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ички эҳтиёжни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдиришга йўл очаётир. Ташкил этилаётган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатиши аҳоли бандлигини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишда муҳим роль ўйнамоқда.Саноат ишлаб чиқаришида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми жадал ўсиб бораётгани бунинг тасдиғидир. 2005 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 9,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 20 фоизга етди. Бунга мамлакатимизда кейинги ўн йил давомида Президентимиз қарори билан ҳар йили маҳаллийлаштириш дастури қабул қилиниб, унинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани туфайли эришилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган маҳаллийлаштириш дастурида ўзлаштирилиши ва ишлаб чиқарилиши зарур бўлган маҳсулотлар кўрсатилган.
Айни пайтда мазкур дастур ижроси изчил таъминланмоқда. Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси тизимига кирувчи “Аpiteks” масъулияти чекланган жамияти бу борада самарали фаолият юритаётир.
– Корхонамиз ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаганда даставвал тайёр хомашёдан қўлқоплар ишлаб чиқарилган, – дейди корхона бош директори ўринбосари Адҳам Зиёев. – Маҳсулот сотилишидан тушаётган маблағ салмоқли бўлса-да, биз талабни ўрганиб, ички бозорда тақчил бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилдик. Шу тариқа илк бор фильтрловчи матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тез орада йирик кон-металлургия комбинатлари, ёғ-мой ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар доимий мижозимизга айланди.
Корхонанинг 2006 йилда маҳаллийлаштириш дастурига киритилгани ички бозорда талаб юқори бўлган техник тўқимачилик матолари ишлаб чиқаришига туртки бўлди. Бунинг учун Польша, Тайвань, Россия давлатларидан мураккаб тўқиш дастгоҳлари келтирилди. Дастлаб корхона полипропилен ипдан тўқилган фильтрловчи техник матоларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирган бўлса, кейинги йилларда қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурларига асосан турли суюқликлар, кислоталар, суспензиялар ва эритмаларни фильтрлаш учун пахта калаваси ва сунъий (синтетик) иплардан йигирма хилдан ортиқ фильтрловчи матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йилдан-йилга импорт ўрнини босувчи, саноатбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бораётир.
Кейинчалик техник ленталар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ҳамда шиша ипдан ҳам ленталар тайёрланди.Булар электр трансформаторларнинг устки қатламини ўраш, кабелларда изоляция сифатида ишлатилади. Корхона ўтган йили юқори иссиқликка чидамли метаарамид техник матоларни ўзлаштирди.
Шу ўринда юқори даражадаги иссиқликка чидамли матолар хусусиятига тўхталиб ўтсак. Бу мато асосан металлургия саноати учун зарур бўлиб, ундан ишчиларга махсус кийим-бош тикилади. Боиси металл эритиш жараёнида иссиқлик 500 даража ва ундан зиёдни ташкил этади. Махсус кийим металлургнинг хавфсизлигини таъминлайди. Бу мато илгари фақат хориждан олиб келинган бўлса, айни пайтда “Аpiteks” бу борада ички бозордаги эҳтиёжни тўлиқ қондирмоқда.
Бундай ноёб маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхона айланма маблағларининг йил сайин ўсиб боришига йўл очди. Корхона ўз фаолиятини бошлаганда унинг низом жамғармаси 30 миллион сўмни ташкил этган бўлса,ҳозирги кунда бу кўрсаткич 1 миллиард 750 миллион сўмдан ошди.
Жорий йилги маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ корхона мутахассислари янада ноёб бўлган, шу пайтгача юртимизда ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар устида иш олиб бормоқда. Қўйилган мақсадга эришиш учун жами 6 миллиард 400 миллион сўмлик инвестиция киритилиши мўлжалланган лойиҳа тайёрланди. Бунинг учун корхона ўз маблағидан ташқари «Ҳамкорбанк» акциядорлик тижорат банкининг молиявий кўмагига таянмоқда.
Давлатимиз яратиб берган иқтисодий преференциялардан фойдаланиб энг замонавий тўқимачилик ускуналари Швейцария, Бельгия, Германиядан олиб келинди. Булар ҳали маҳаллийлаштирилмаган турли янги матоларни ўзлаштиришга йўл очмоқда.
Экологик муҳитни сақлаш ва уни муҳофаза қилиш мақсадида зарарли газлар чиқишининг олдини олиш учун корхона янги нотўқима материалларидан фойдаланиб, енгсимон фильтрловчи қопламаларни тайёрлашни йўлга қўймоқчи.
Айни пайтда корхонада саноат соҳаси ишчи-ходимлари учун уларнинг иш жараёнига мослаштирилган, яъни зарарли ташқи муҳитдан сақловчи махсус кийимлар тикишга мўлжалланган матолар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилган.
Бундай маҳсулотларнинг тез орада ишлаб чиқарила бошлаши корхона фаолиятининг янада кенгайиши, юз кишидан зиёд ишчилар сони ортишига, ички бозорда янги маҳсулотлар пайдо бўлишига замин яратади.