“Ансоруллоҳ” Саудия оммавий ҳаво ҳужуми ҳақида баёнот берди
Ямандаги хусийларнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракати ҳарбий вакили Яҳё Сарий ижтимоий тармоқ саҳифасида Саудия Арабистонига тегишли F-15 қирувчи самолётлари Ҳамис-Мушайт авиация базасидан кўтарилиб, сўнгги 24 соат ичида Тоиз, Мариб ва Ҳажжа вилоятларига 40 марта ҳаводан зарба берганини маълум қилди.
Таъкидланишича, ўтган ҳафта давомида F-15 ва “Typhoon” қирувчилари Яманнинг қатор вилоятлари, жумладан Тоиз, Лаҳж, Ал-Жауф, Ҳажжа, Мариб, Саъда ва Ал-Байдога 450 дан ортиқ зарба йўллаган.
Шунингдек, Мариб осмонида F-15 самолёти маҳаллий “ер-ҳаво” ракетаси билан уриб туширилгани, вайрона узра учган бошқа қирувчилар ҳам ракета ҳужумига учраб, ҳудудни тарк этишга мажбур бўлгани айтилган.
Сарий Яман ҳаво ҳудуди ҳар қандай тажовуз учун ёпиқлигини таъкидлаб, хусийлар Маккага зарба бергани ҳақидаги айбловни инкор этди. Саудиядаги нишонлар фақат ҳарбий база ва нефть объекти экани, муқаддас қадамжоларга зарба бермаслик хусийларнинг қатъий қоидаси бўлиб қолишини қўшимча қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА